Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 16 апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида Ўзбекистон халқаро ислом академияси ташкил этилиши назарда тутилган эди.

Мазкур академия Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Ўзбекистон ислом академияси ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тошкент ислом университети негизида ташкил этилди.

Қайд этиш муҳимки, Халқаро ислом академияси Қуръон илмлари, ҳадис, ислом ҳуқуқи, ақида, тасаввуф, ислом иқтисодиёти ва молияси, халқаро муносабатлар, хорижий тиллар (араб, форс, инглиз, рус, урду, турк ва ҳоказо) ҳамда бошқа халқаро миқёсда эҳтиёж мавжуд бўлган соҳалар бўйича малакали кадрларни тайёрлайди.

Шу йилнинг 11 июль куни Наманган шаҳридаги “Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юртида Ўзбекистон халқаро Ислом академияси минтақавий филиалининг ўқув семинари бошланди. Унда Наманган, Андижон ва Фарғона вилоятларидаги диний соҳа ходимлари малака оширмоқдалар.

40 нафар тингловчига малакали устозлар дарс ўтишмоқджа. Тингловчилар учун яратилган шарт-шароитлар мақтовга лойиқ. Шу боисдан ҳам ўқув семинари иштирокчиларининг кайфияти аъло даражада. Улар моҳир муаллимлар бошчилигида ўз билимларини янада бойитишга ҳаракат қилмоқдалар.

Муҳаммадюсуф Тўрақулов,

Андижон вилоятининг Олтинкўл тумани бош имом хатиби.

© namangan24.uz

--> -->