Эзгуликка бахшида умр: Наманганнинг собиқ ҳокими Икромхон Нажмиддинов 75 ёшга тўлди!
Элга хизмат қилиш, эл-юрт ишига камарбасталик умр йўлларини мазмунга буркайди. Асл саодатмандлик босиб ўтган йиллар ва йўлларда муносиб из қолдиришда. Довонлар оша шаҳду шижоат билан мардонавор одимлай олганларнинг ҳаёти, чин маънода, эъзоз ва эҳтиромга, эътирофга лойиқ. Устоз Икромхон Ҳошимхонович Нажмиддинов ҳеч муболағасиз ана шундай файзли умр соҳибларидан.
Вилоят ҳамда Республикамиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида, олиб борилаётган оқилона ислоҳотлар рўёбида самарали ва сидқидилдан хизмат қилган, бугун ҳам Янги Ўзбекистон ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган, ҳар жабҳада фаол Икромхон Ҳошимхоновични аҳоли, жамоатчилик яхши билади.
Мен устозни юксак маданияти, илму салоҳияти, одамийлик фазилатларини, айниқса фидоийликларини алоҳида қадрлайман. Устознинг ҳар ишда, мулоқот ва муомалада юксак маданиятни ҳамроҳ билиб, илм-салоҳият ва тажрибага таяниб иш юритишлари раҳбарлар ва биз ёшларга алоҳида ибратдир.
Икромхон аканинг ушбу фазилатлари туман, вилоят ва республиканинг юқори идораларида ишлаган вақтларида, соҳа раҳбарларининг бирдамлик ва ҳамжиҳатликда эзгу мақсад йўлида бирлашиб ишлашга, изланишга ундай олган. Туман, вилоят аҳли ҳам шунга монанд фаолиятда ташаббус кўрсатган.
Сен ҳақингда амалга оширган ишларинг сўзласин, деган гап бор. Устоз шу жиҳатдан вилоятнинг обод ва фаровон бўлиши йўлидаги фаолиятининг ҳар кунидан муносиб, ибратли из қолдира олди.
Устозни вилоят ҳокими ва кейинги фаолиятида ҳам “Элга ҳар қанча хизмат қилиш, келажак эгаларига ғамхўрлик ва эътибор, фарзандларимизга муносиб шароит ва имкониятлар яратиб бериш хайрли ва улуғ”, - дея кўтаринкилик, шукроналик билан вилоят аҳлини ҳар жабҳада намунали фаолиятга, дахлдорликка ундаш хислати, меҳр-оқибат, иззат-икромни ҳар нарсадан устун, биринчи ўринга қўйишини, нафақат раҳбарлик, одамийлик фазилатларини айтиб ўтиш ўринлидир.
Инсон умри ёш билан эмас, мазмун билан ўлчанади. Ҳаётий фаолият моҳияти ва мезони йиллар ёки унвонлар билан эмас, балки самаралар, эришилган зафарлардадир. Яъни, инсондан комил фарзанд, билимли шогирдлар ва фақат яхши ишлар ёдгор бўлиб қолиши ҳаётнинг моҳиятини белгилайди.
“Дунёни меҳр-оқибат асрайди”, деган гап бор. Мен бу гапни инкор этмаган ҳолда дунёни инсон қадр-қиммати, кексалар ўгити, аждодлар ҳикмати, ижодий интилишларни ўзида жамлаган илм-маърифат асрайди, деган бўлардим. Зеро, билимдон, ғайратли, ақлни ишлатиб ҳаракат қилиш, иш унумини, инсоннинг инсонга бўлган меҳр-оқибатини оширади. Бу ҳакикатни устознинг ҳаётлари ва иш фаолиятларида кўрдим.
Устозни бундан 30 йил аввал 1996 йил бошидан яъни, Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари, вилоят “Истиқболстат” бош бошқармаси бошлиғи (1996-1997 йй.) бўлиб ишлаган вақтларидан (шу даврда устозга ёрдамчи бўлиб ишлаганман) яхши биламан. Устоздан жуда кўп жиҳатларни ўрганганман, у кишининг йўл-йўриқ ва тавсиялари, ишга жуда катта масъулият ва қатъият билан ёндашишлари менга улкан сабоқ, ҳаёт мактаби бўлган.
Икромхон Ҳошимхоновичнинг иш фаолиятларида ишга эътибор билан ёндашиш, элу юрт ҳақида қайғуриш баробарида юксак инсонийликни, одамийлик фазилатлари билан мушоҳада юрита олишни, бағрикенглик ва илму салоҳиятни суянч, халқ ишончини таянч деб билишларини кўп бора кузатганман.
Эзгуликка ошно, эл хизмати, юрт иқболи йўлида изланиш, шижоатни ҳамроҳ билган устозга шогирд, у билан замондош, даврдош сифатида ҳозир ҳам ҳамфикр, ҳамнафас, ҳамқадам эканлигимдан шодман.
Муборак 75 ёшни карши олаётган, бироқ фаолиятида 50-55 ёшли инсонлар каби интилиш, шижоатни кўрсата олаётган устоз эл-юрт учун ҳали кўп эзгу ишлар қилишларига ишонаман!
Устоз жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилаш ва халқимиз фаровонлиги йўлида олиб бораётган ишларингизда Аллоҳнинг ўзи мададкор бўлсин! Ўзим ва барча шогирдларингиз номидан Сизга мустаҳкам соғлик, омонлик, умри зиёдалик, оилавий хотиржамлик тилаймиз.
Раҳмонжон Эгамбердиев,
Наманган вилояти ҳокимлиги хузуридаги Фукароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳодимларининг малакасини ошириш бўйича ўқув маркази директори, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати.
© namangan24.uz

.jpg)


