“Навбаҳор лочинлари” футбол клуби ва футболчи Шаҳзодбек Убайдуллаев ўртасидаги меҳнат шартномаси футболчининг ташаббуси билан бир томонлама бекор қилингани Ўзбекистон футбол ассоциацияси қўмитаси томонидан тасдиқланди.

Футбол клубидан иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар бўйича қарздорликни ундириб бериш ҳамда меҳнат шартномаси футболчи томонидан муддатидан олдин бекор қилинганлигини тасдиқлашни сўраб мурожаат йўллаган Убайдуллаевнинг аризаси 2025 йил 25 сентябрда ЎФА Футболчиларнинг мақоми ва ўтиши бўйича қўмитаси томонидан кўриб чиқилди.

Қўмитага тақдим этилган ҳужжатлар асосида қуйидагилар маълум бўлди:

- клуб ва футболчи ўртасида 2024 йил 8 декабрь куни меҳнат шартномаси тузилган;

- меҳнат шартномасининг амал қилиш муддати 2026 йил 30 ноябрь санасигача бўлган;

- клубнинг футболчи олдида бир неча ойлик иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар бўйича қарздорлиги мавжуд;

- футболчи клубга шу йилнинг 27 август куни “Футболчилар мақоми ва трансфери регламенти”нинг 14 бис-моддасига асосан икки ойлик маошидан ортиқ иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар тўланмаганлиги сабабли клуб ўз молиявий мажбуриятларини тўлиқ бажариши учун 15 календар куни муддат бергани бўйича мурожаат йўллаган ва унда шартномани бир тарафлама бекор қилиш ҳуқуқидан фойдаланиши тўғрисида клубни огоҳлантирган;

- шу йил 20 сентябрь куни футболчи клубга такрорий мурожаат қилиб, белгиланган муддатда қарздорлик тўлаб берилмагани, эндиликда меҳнат шартномасини ўз ташаббуси билан бир томонлама бекор қилганини маълум қилган.

Маълум бўлишича, футболчи “Футболчилар мақоми ва трансфери регламенти”нинг 14 бис-моддаси бўйича кетма-кетликка тўлиқ риоя қилган. Ўзаро муҳокамалардан сўнг, ЎФА Футболчиларнинг мақоми ва ўтиши бўйича қўмитаси “Навбаҳор лочинлари” футбол клуби ва Шаҳзодбек Убайдуллаев ўртасида тузилган меҳнат шартномаси футболчининг ташаббуси билан бир томонлама бекор қилинганини тасдиқлади ҳамда вужудга келган қарздорлик бартараф этилишини таъминлаш юзасидан футбол клубига мажбурият юклаш бўйича қарор қабул қилди.

© namangan24.uz

--> -->