Пойтахтимиз Тошкент шаҳрида ўтказилаётган каратэ WKF бўйича 16-Осиё чемпионати ниоҳоясига етиб, унда барча ғолиб-совриндорлар номига аниқлик киритилди.

Қитъамизнинг энг моҳир шарқона якка кураш усталари беллашган нуфузли мусобақада 50 килограмм вазн тоифасида баҳсларга киришган Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси, наманганлик Баҳринисо Бобоева Ватанимиз шаънини муносиб ҳимоя қилиб, Осиё чемпиони деган шарафли унвонга сазовор бўлди.

Мусобақанинг дастлабки жангларида Қозоғистон, Филиппин ва Хитой Тайпейи вакилларини “тор-мор” эта олган ёш, умидли спортчи қизимиз ғолиблик медали учун япониялик Михо Мияхарага қарши татамига чиқди. Ҳал қилувчи финал баҳсида ҳам бор маҳорати ва салоҳиятини кўз-кўз этиб,  дунё рейтингида юқори ўринларда турган номдор рақибасини мағлубиятга учратган Баҳринисо Осиё чемпиони унвони ва олтин медалини қўлга киритди.

Эътироф этиш жоиз, ушбу юксак ғалабанинг яна бир аҳамиятли томони шундаки, Баҳринисо 2020 йили Япониянинг Токио шаҳрида бўладиган навбатдаги ёзги Олимпия ўйинлари учун лицензияси йўлида муҳим бўлган 930 рейтинг очкосини ўз ҳисобига ёздириб қўйишга ҳам эришди.

Маҳоратли мураббий Абдулло Салимов қўл остида Наманган шаҳридаги Яккакураш спорт турларига ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактабида саккиз йилдан буён каратэ билан шуғулланиб келаётган Баҳринисо Бобоева Ўзбекистон чемпионати ва кубоги мусобақаларида кўп карра чемпионлик унвонига сазовор бўлиб, олтин медалларни қўлдан бой бермай келмоқда. Шунингдек, Қирғизистон, Малайзия, Қозоғистон, Испания давлатларида ўтказилган бир қатор нуфузли халқаро турнир ва мусобақаларда ҳам медаллар билан тақдирланган. Индонезнинг Жакарта ва Палембанг шаҳарлари мезбонлик қилган XVIII Осиё ўйинларида эса Ўзбекстон терма жамоаси таркибида кумуш медалига муносиб деб топилди.

“Namangan24.uz” сайти Осиё чемпионатида ғолиблик шоҳсупасига кўтарилган Наманган давлат университети талабаси, вилоят спорт мактаби тарбияланувчиси Баҳринисо Бобоевани олтин медаль билан табриклаб, унга “Токи-2020” Олимпия ўйинларига йўлланма олиши ҳамда Олимп чўққисини ҳам забт этишини тилаб қолади.

Оқилхон Дадабоев,

спорт шарҳловчиси.

© namangan24.uz

--> -->