Вилоят ҳокимининг тегишли қарори билан Акрамжон Абдуваҳобович Абдуҳамидов Наманган вилояти ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари - вилоят Иқтисодий тараққиёт бош бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди. У мазкур лавозимда фаолият олиб борган Толибжон Маҳмуджонович Юсуповнинг ўрнида иш бошлади. Бу ҳақида вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Акрамжон Абдуҳамидов 1973 йилда Янгиқўрғон туманида туғилган. Маълумоти олий, 1997 йили Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, 2000 йили Банк-молия академиясини тамомлаган. Мутахассислиги - иқтисодчи.

Меҳнат фаолиятини 1997 йилда Молия вазирлиги мулкнинг давлат улуши бўйича дивидендлар ҳисобланиши ва фойдаланиши устидан назорат қилиш бошқармаси 1-тоифали иқтисодчиси сифатида бошлаган. 1999-2002 йилларда Молия вазирлиги қимматли қоғозлар ва молия бозори бошқармаси бош иқтисодчиси, бўлим бошлиғи ўринбосари лавозимларида ишлаган.

Акрамжон Абдуҳамидов янги тайинловга қадар, яъни 2022 йилдан буён Президент Администрацияси Назорат инспекцияси бош консультанти лавозимида фаолият юритиб келаётган эди.

© namangan24.uz

--> -->