Суд қарори билан: ўсимлик дунёсига етказилган зарар ундирилди
Атроф-муҳитни асраш, ўсимликлар дунёсига ижобий муносабат нафақат яшил олам ва мусаффоликни муҳофаза қилиш, балки саломатлик ва келажакни асраш ҳам демакдир. Бу борадаги эътиборсизлик қонунларга мувофиқ жавобгарликка олиб келади.
Фуқаролик ишлари бўйича Наманган вилояти Чуст туманлараро судида видеоконференцалоқа режимида ўтказилган суд мажлисида айнан шундай атроф-муҳитга эътиборсизлик билан боғлиқ иш кўрилди.
Даъвогар Тошкент шаҳри экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси вакилининг билдиришича, жавобгар шахс пойтахтнинг Мирзо Улуғбек туманидаги кўп қаватли уйларга ёндош ҳудуддаги беш туп Элдор қарағайи дарахтларини ваколатли идоралар рухсатисиз ҳамда ҳеч қандай ҳужжатларсиз кесиб, нобуд қилиб, ўсимлик дунёсига 78 миллион 750 минг сўм зарар етказган.
Тақдим этилган ҳужжатларга асосан даъво асосли деб, топилиб, жавобгардан Тошкент шаҳри экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси фойдасига 78 750 000 сўм табиатга етказилган моддий зарар, давлат божи ҳамда суд харажатларини тегишли тартибда ундирилиши юзасидан ҳал қилув қарори чиқарилди.
Унутманг, табиат ва ўсимликлар дунёсига шикаст етказиш ва эътиборсиз мунсабат қонуний жавобгарликка олиб келади.
Илёсжон Тўйчиев,
Фуқаролик ишлари бўйича Чуст туманлараро суди судьяси.
© namangan24.uz