Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган олижаноб ғоя бугун ҳаётимизнинг барча жабҳаларида ёрқин ифодасини топмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 8 августдаги “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ тузилган секторлар аҳолини ўйлантираётган масалаларни ҳал этиш, одамларнинг ҳаёт даражасини юксалтиришда муҳим омил бўлмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ташаббуси билан аҳолининг турли қатламлари билан тўғридан-тўғри мулоқотни кенгайтириш, мавжуд долзарб муаммоларни аниқлаш, уларни бевосита жойида бартараф этиш юзасидан аниқ ва тезкор чоралар кўриш мақсадида шу йилнинг 1 майига қадар Президент Администрацияси, Олий Суд, Бош прокуратура, Ички ишлар, Молия, Бандлик ва меҳнат муносабатлари, Соғлиқни сақлаш, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Марказий Банк ҳамда давлат қўмиталари раҳбарлари, вилоят секторлари раҳбарларининг ҳудудларда сайёр қабуллари  ўтказилмоқда.

Жумладан, Косонсой туманидаги 4-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабидаги сайёр қабулда Чиндовул маҳалласи, Соҳилбуйи кўчаси, 133-уйда яшовчи Р. Мамажонованинг 2014 йилда туғилган ўғли Абдурасул Сайдуллаевнинг қулоғида нуқсон бўлганлиги сабабли, эшитув аппарати олишда ёрдам сўраб қилган мурожаати Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси масъул ходимлари томонидан ўрганилиб, қабул жараёнида 130 минг сўмлик қулоқ эшитув аппарати совға қилиниб, қаноатлантирилди.

Оммавий қабулда 4 нафар фуқаро ишга жойлаштирилди, 2 нафари касб мутахассисилиги бўйича ўқишга юборилиши таъминланди. 6 нафар фуқаронинг мурожаати 10 кун муддатда ўрганилиб, кредит ажратилиши назоратга олинди.

Фуқаро Г. Тошбоева ўз мурожаатида васийликка олган қизи М. Топилдиевага бир неча йиллардан буён туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома ололмаётганлигидан норозилигини билдирди. Ишчи гуруҳ томонидан унга туғилган гувохномаси олиб берилди.

Ҳуррият маҳалласида яшовчи Л. Забированинг мерос, мерос улушини натура шаклда бўлиб бериш юзасидан қилган даъвоси 12 йил давомида турли инстанцияларда кўриб чиқилган, аммо ҳеч қандай натижа бермаганидан шикоят қилди. Сайёр қабулда унинг мурожаати ўрганиб чиқилди. Мазкур масала қонуний ечимини топганлиги учун мурожаат эгаси фуқаролик ишлари бўйича Янгиқўрғон туманлараро судига миннатдорчилик изҳор қилди.

Тўрақўрғон туманидаги 9-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида ўтказилган оммавий қабулда  Наманган шаҳри, Мингбулоқ, Наманган, Чуст ва Поп туманларида яшовчи жами 255 нафар фуқаро иштирок этиб, 190 нафар жисмоний ва юридик шахснинг мурожаатлари кўриб чиқилди.

Қайд этиш даркор, бу мурожаатларнинг 62 таси жойида ҳал бўлди. 97 та мурожаатда улар юзасидан тўлиқ ва қисқа муддатларда кўриб чиқиш бўйича тегишли идора раҳбарларига топшириқлар берилиб, назоратга олинди.

Масалан, Тўрақўрғон тумани, Шарқ маҳалласи, Боғ кўчаси, 8-уйда яшовчи Сирожиддин Ибрагимов таниши Ёқубжон Йўлдошев пул олди-берди масаласи юзасидан “Дамас” русумли давлат белгиси “50G 926 DA” бўлган автомашинасининг техник паспортини бир неча йиллардан бермасдан келаётганини маълум қилди. Сайёр қабулда ушбу масала ечимини топди: техник паспорти олиб берилди. 

Чуст тумани, “Олмос” маҳалла фуқаролар йиғини, Мустақиллик кўчаси, 201-уйда яшовчи Алимардон Туморов сайёр қабулда раҳбарларга ўз маҳалласи ҳудудида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш мақсадида йўл белгиларини ўрнатиш масаласини кўтарди. Бунинг натижасида айтилган ҳудудда йўл белгиларини ўрнатилиши таъминланди.

Оқилхон Дадабоев,

Namangan24.uz сайти раҳбари.

 

 

--> -->