Мамлакатимизда, хусусан Наманган вилоятида коронавирус пандемияси сабабли ўрнатилган карантин шароитида тожли вируснинг кенг тарқалиши ва олдини олишга қаратилган изчил чора-тадбирлар кўрилаётганига қарамай соғлиқни сақлаш тизимида бугунги муҳим сиёсатга монанд айрим нопок кимсалар учраётгани ғоят ачинарлидир.

Наманган вилояти санитария-эпидемиология осойишталик марказидаги талон-торожликлар фош этилди. Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Наманган вилояти бошқармаси томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, вилоят санитария-эпидемиология осойишталик маркази мансабдор шахслари “F.B.”, “A.T.” ва “H.S.” масъулияти чекланган жамиятлари билан тузилган шартномага мувофиқ, 275 миллион 900 минг сўм бўлган “гипохлорид калций” дизенфекцияловчи воситаларни 524 миллион 800 минг сўмга, яъни ўртача бозор нархидан 248 миллион 900 минг сўмга қиммат нархларда сотиб олишиб, жуда кўп миқдордаги бюджет маблағларини талон-торож қилганликлари аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан марказнинг мансабдор шахсларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

© namangan24.uz

--> -->