Наманган шаҳрининг Бобуршоҳ кўчасида фаолият бошлаган “Доктор-А” шифо маскани ташкил этилганига унча кўп бўлгани йўқ Шунга қарамай, бу даргоҳ ўз мижозларини топиб улгурди. Негаки, мазкур хусусий шифохонада бир неча йўналишлар бўйича малакали хизмат кўрсатила бошланди.

Наманганда ўтказиладиган халқаро тиббиёт ва фармацевтика форуми доирасида Покистонда фаолият олиб бораётган "Kulsum international hospital" шифохонаcидан доктор Муҳаммад Салом раҳбарлигидаги бир гуруҳ шифокорлар “Доктор-А” клиникасида бўлиб, беморларни тиббий-кўрикдан ўтказдилар. Диагностик таҳлил натижаларига қараб, керакли маслаҳатлар берилди. Юрак, қон-томир йўлларини тромблардан тозалаш, стент­лашга оид жарроҳлик амалиётлари ўтказишди.

- Покистонлик тиббиётчиларнинг юртимизга ташрифидан кўзланган мақсад Наманган шаҳрида инвестиция лойиҳалари асосида 8 миллион долларлик ҳажмдаги тиббиёт марказини ишга туширишга тайёргарлик кўришдан иборатдир, - дейди "Доктор-А" бош шифокори Маъмуржон Охунов. - Насиб этса, яқин орада Наманган шаҳрида яна бир янги тиббиёт маркази пайдо бўлади.

Маълумот ўрнида, шу йилнинг 13-14 сентябрь кунлари Наманган вилоятида “ХХI асрда тиббиёт ва фармацевтикани ривожланишда инвестиция ва инновациянинг роли” мавзуида Халқаро тиббиёт ва фармацевтика форуми ўтказилади.

Мусохон Акмалов,

“Тиббиёт ва замон” журнали бош муҳаррири.

© namangan24.uz

--> -->