Ишончли маълумотлардан кўриниб турибдики, кейинги кунларда мамлакатимизнинг айрим ҳудудларида коронавирус инфекциясига чалиниш ҳолатлари кўзга ташланмоқда. Бундай нохушликлар барчамизни янада хушёр бўлишга чақирмоқда.

Шу муносабат билан, Наманган вилояти санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги  бошқармаси бошлиғи, тиббиёт фанлари номзоди Раҳмонжон Абдуллаев вилоят аҳлига мурожаат билан чиқди:

- Республика ҳукумати томонидан берилаётган катта эътибор, тиббиёт ходимларига яратиб берилаётган шарт-шароитлардан  самарали фойдаланилаётганимиз учун сўнгги бир ой давомида Наманган вилоятида бирорта ҳам коронавирус юқтириш ҳолати кузатилмади.  Бу ҳудуддимиз коронавирус балосидан батамом қутилди дегани  эмас.

Қолаверса, вилоят  СЭО ва ЖСБ, унинг туман бўлимлари мутахассислари томонидан доимий ўтказиб келинаётган ўрганишларда аниқланаётган  баъзи бир салбий ҳолатлар бизни қаттиқ ташвишга солмоқда.  Чунки, тан олиш керак, кейинги пайтларда айрим  шаҳар, туманларда тўйлар, тадбирларни ўтказишда карантин чекловларига риоя этилмаётгани, панжа орасидан қараш ҳолатларига ҳам йўл қўйилаётгани аниқланди. Ташкилот, муассаса, бозор, савдо шохобчаларида, жамоат транспортларида  номига ниқоб тақиб юриш кўринишларига ҳам тез-тез гувоҳ бўляпмиз. 

Халқимизда “Бирники мингга, мингники туманга” деган нақл бежизга  айтилмаган. Агар биргина вирус юқтириб олган шахс эрталабдан кечгача хонадонидан чиқиб вилоят марказига ниқобсиз келса, иши тушган ташкилотларга кирса, шифохонада даволанаётган қариндоши ҳолидан хабар олса, савдо шохобчалари, бозордан  керакли нарсаларни харид қилса, сўнгра яна уйига қайтса , қанча ҳамюртимизга рўбарў келишини, энг хавфли вирус тарқатувчига айланишини бир кўз олдингизга келтириб кўринг-а? Ундан касалликни юқтирганлар йўл-йўлакай учраганларга, хонадонидагиларга бу балони олиб борса нима бўлади?!

Шундай экан, 2020 йилда бошимизга тушган оғир кунларни асло унитишга ҳеч бирмизнинг ҳаққимиз йўқ ! Кеч бўлмасидан англаб олайлик. Ҳувиллаган шаҳар, қишлоқлар, тўхтаб қолган завод, корхоналар, ғилдираги “кишанланган” самолёт ва беҳисоб катта-кичик транспортлар, кун ора энг яқинларни йўқотишлар, ҳатто жанозаларда қатнаша олмаган кунларимиз ҳар дам хотирангиздан кўтарилмасин. Деразадан термулиб ишхонасини, ўқув, тарбия даргоҳларини соғинган одамлар, талаба, ўқувчи, боғча тарбияланувчиларининг нигоран боқишлари асло ёдингиздан чиқмасин? Бефарқлик, ўзибўларчилик, сен менга тегма, мен сенга каби салбий хислатлардан шу вақтдан бошлаб воз кечайлик. Энг яқинларимиз азиз ота-она, ҳаётимиз давомчиси бўлган фарзандларимиз, шириндан-шакар набираю-эвараларимизга вирус инфекциясини юқтириб, шифохоналарга тушиб қолишига сабабчи бўлиб қолмайлик.

Яратганга минг бора шукрлар бўлсинким, бу балога қачон даво топиларкан, - дея илтижолар қилиб ўтиб кетган, ўша  яқинларимизга насиб  этмаган умидбахш кунларга ҳам етиб келдик. Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида Республика раҳбариятининг халқимизга кўрсатаётган  ғамхўрлиги ифодаси сифатида мамлакатимизга коронавирус инфекциясига қарши вакциналар олиб келинди. 

Яқин кунларда вакциналар вилоятларга, хусусан Наманганга “совуқлик занжири” қоидаларига тўлиқ  риоя этган ҳолда етказиб берилади. Энг аввало ёши улуғлар, тиббиёт, ҳуқуқ тартибот, ўқитувчи ва тарбиячилар, сўнгра барча фуқаролар тизимли тартибда эмланади. Бу борада мутахассисларга янада тўлақонли тушунчалар бериш учун “Covid-19” га қарши эмлаш жараёнлари билан боғлиқ яна бир амалий семинар 2021 йилнинг 18 март куни соат 14:00да Наманган шаҳридаги 14-сонли оила  поликлиникасида ташкил этилади.

© namangan24.uz

--> -->