2019 йил 17 апрель куни Наманган вилояти ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий ҳаётида унутилмас сана сифатида тарих саҳифаларига битилди. Вилоят марказидаги Ислом Каримов кўчасида Президент мактаби қурилишига илк тамал тоши қўйилди.

Бу ҳақида “namangan24.uz” сайтига вилоят халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Қурилажак мактаб 2,5 гектар майдонда жойлашади, бу ерда ўқиш ва спорт билан шуғулланиш учун барча шарт-шароитлар ҳозирланади. Иккита ўқув корпуси, бассейн ва гимнастика зали, ётоқхона ва меҳмонхона, машғулот ва футбол майдони, волейбол-баскетбол майдончаси, гулзор ва ўқув-тажриба участкаси, паркинг барпо этилади.

Президент мактабига қабул қилиш республика таълим муассасаларининг 4-синф битирувчилари орасида Халқ таълими вазирлиги томонидан белгиланган тартибда ўтказиладиган мантиқий фикрлаш тестлари, ёзма имтиҳон ва суҳбатлар натижаларига кўра амалга оширилади.

Мактаб келгуси йилнинг августида фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган. Дастабки ўқув йилида 5-10-синфлар учун 144 нафар ўқувчи ўқишга қабул қилинади, мактабнинг йиллик қабул квотаси 24 нафар ўқувчидан иборат. Битта синфга 12 нафардан ўқувчи тақсимланади.

Мактаб битирувчиларига давлат томонидан тасдиқланган ўрта маълумот ҳақидаги шаҳодатнома, аттестат билан бир қаторда, халқаро даражадаги дипломга эга бўлишади. Президент мактабини тамомлайдиган ёшлар хорижий олий ўқув юртларига кириш имконини қўлга киритишади.

Мактаб қурилишига тамал тоши қўйиш маросимида Наманган вилояти ҳокими, сенатор Хайрулло Бозоров, Наманган шаҳри ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов, вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Ваҳобжон Ражабов, шунингдек, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, меҳнат фахрийлари қатнашдилар.

© namangan24.uz

Суратлар вилоят халқ таълими бошқармаси томонидан тақдим этилди.

--> -->