Наманган шаҳридаги “Ёш куч” ўйингоҳида жаҳон стандартлари талабларига жавоб берадиган сунъий қопламали майдон фойдаланишга топширилди.

Шу муносабат билан ўтказилган тантанали маросим катта футбол байрамига айланиб кетди. Ўйингоҳ нуфузли меҳмонлар, Фарғона водийси вилоятларидан келган мураббий ва футболчилар, миллионлар ўйини ихлосмандлари билан гавжум бўлди.

Наманган вилояти ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Хайрулло Бозоров, республика Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон футбол асоциацияси биринчи вице-президенти Равшан Эрматов сўзга чиқиб, мамлакатимизда футболнинг оммавийлигини оширишга катта эътибор қаратилаётганлигини таъкидладилар.

(Фото - Наманган вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати)

Шу йилнинг октябрь ойида Ўзбекистон мезбонлик қиладиган ўсмирлар ўртасидаги (U-19) Осиё чемпионатининг финал босқичи ўйинлари Наманганда бўлиб ўтиши ҳақидаги хушхабар қарсаклар билан олқишланди.

Айниқса, Президентимизнинг 2019 йилнинг 4 декабрдаги “Ўзбекистонда футболни ривожлантиришни мутлақо янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борадаги эзгу саъй-ҳаракатлар ривожига туртки бўлиб хизмат қилмоқда.

Қайд этилганидек, Наманганда 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган ёшу қари, катта-ю кичик футболга бирдек ошно тутинган. Шу боисдан ҳам футболни ривожлантириш вилоятда устувор вазифалардан саналади. Миллионлар ўйини равнақини энг аввало болалар футболига муносиб пойдевор қўйиш орқали ошириш мақсадида Наманган вилояти болалар ва ўсмирлар футбол маҳорат мактаби тассуруфида 110Х68 ўлчамдаги сунъий қопламали майдон барпо этилди. Бунинг учун Осиё футбол конфедерацияси ва Ўзбекистон футбол асоциацияси ҳисобидан 250 минг Евро маблағ сарфланди.

Келгусида 4,7 гектар ҳажмдаги ўйингоҳда ёш футболчилар учун мўлжалланган турар-жой, ошхона, чўмилиш ҳавзаси, конференция зали барпо этилади. Мавжуд ўриндиқлар янгиланади. Бир сўз билан айтганда, бўлажак юлдузларни камол топтириш йўлида футбол тузимаси тўлиқ таъминланади.

Янги барпо этилган майдонга “Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвони ва “Буюк хизматлари учун” ордени соҳиби, Осиёда беш карра энг яхши ҳакам сифатида эътироф этилган Равшан Эрматов, Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийси Вадим Абрамов, терма жамоамиз сардори, Наманган футболи тарбияланувчиси, Хитойнинг “Шанхай СПИГ” клуби аъзоси Одил Аҳмедов каби футболимизнинг ёрқин намоёндалари бирин-кетин сарф тортдилар. Улар Ўзбекистон футболи юлдузлари ҳамда “Навбаҳор”нинг собиқ ўйинчилари ўртасида ўртоқлик баҳсида мухлисларга олам-олам завқ улашдилар.

Тантанали маросимда Наманган вилояти жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғи Шокиржон Қорабоев, Ўзбекистон профессионал футбол лигаси бош директори Даврон Шоқурбонов иштирок этдилар.

 Оқилхон Дадабоев,

спорт шарҳловчиси.

© namangan24.uz

--> -->