Косонсой туманида Президентининг 2020 йил 24 январдаги “Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва спортни янада такомиллаштириш ва омммалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида авторалли ва мотокросс спорт мусобақаларини тизимли ўтказиш орқали спорт туризмини ривожлантириш мақсадида халқаро талабларга жавоб берадиган янги замонавий мототрасса барпо этишга киришилди.

Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Наманган вилояти кенгаши томонидан маҳаллий инвестор маблағлари ҳисобига қурилаётган ушбу мототрассада техник ва амалий спорт турлари таркибига кирувчи авторалли ва мотокросс спорт мусобақаларини тизимли ўтказиш орқали спорт туризмини ривожлантириш, вилоятимиз спортчиларини республика ва халқаро спорт мусобақаларида фаол иштирокини таъминлаш ва етакчи спортчилар билан тажриба алмашишни йўлга қўйиш кўзда тутилган.

Ҳозирда фойдаланилаётган мавжуд мототрассада вилоят миқёсидаги мусобақалар ўтказилмоқда эди. Янги қурилаётган мототрассада эса республика ва халқаро даражадаги спорт мусобақаларини сифатли ва тизимли ўтказиш имконияти юзага келади.

Мототрасса лойиҳасини тайёрлашга Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти қошидаги республика Техник ва амалий спорт турлари марказининг етакчи мутахассислари жалб этилди.

- Косонсойдаги Шоҳсафед даҳасидаги мазкур замонавий мототрасса қурилиши шу йил март ойида якунига етади. Янги спорт иншоотида Наврўз умумхалқ байрами арафасида мотоцикл пойгаси бўйича Наманган вилояти ҳокими кубоги учун Халқаро мусобақа ўтказилиши кутилмоқда, - дейди "Ватанпарвар" ташкилоти Наманган вилояти кенгаши раиси Аҳмаджон Аълохўжаев.

© namangan24.uz

--> -->