Наманганлик таниқли бизнесман, Россия фуқароси, “USM Holdings” компанияси асосчиси Алишер Усмоновнинг миллий ўзлигини англаши ва бундан ғурурланиши ҳақида интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқлар орқали кўп ва хўб ёзиб келинади.

Дарҳақиқат, жаноб Усмонов “Мен ўзбеклигимдан фахрланаман”, дея алоҳида хурсандчилик билан таъкидлаб келади.

Дунёга машҳур “Forbes” журналининг русча талқини яқинда  “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби Алишер Усмоновнинг бизнес қоидалари тўғрисидаги энг чуқур маънога эга ҳикматларини ёритди.

Биз бу чуқур маъно ва ибрат олишга муносиб афоризмларнинг айримларини келтириб ўтишни жоиз деб билдик:

“…Менинг бизнесдаги асосий қоидам – бу ҳеч қачон сиёсий ўйинлар билан шуғулланмаслик... Бир пайтлар (1993–йилда) одамлар соғлигига хавф туғдирадиган нарсалар билан савдо қила олмаслигимни тушуниб етдим. Мусулмонлигим учун ҳам захар сотиш менга муносиб эмас. Шундан буён мен учун тамаки бизнеси йўқ.”

“Ўзим учун ва бутун жамият учун хайрия ишлари маъносини мен бир нарсада кўраман – одамлар ўз яқинларини, ўзларини яхши кўргандек яхши кўришлари лозим. Агар сенинг қўлингдан бирор иш келса, моддий оламда эса буни у ёки бу молиявий иштирок шаклида амалга ошириш мумкин, бундай ҳолатда, бу ишлар билан бизнесдаги муваффақиятларингга қараб, албатта, шуғулланиш керак.”

“Ёрдам бераётганинг билан мақтаниш - бу инсоннинг маданийлик даражаси пастлиги кўрсаткичидир.”

“Мен кўп бора ўзбек эканлигимдан фахрланишим тўғрисида айтганман. Бу замин менинг жонажон Ватаним эканлигидан ғурурланаман. Ўзбекистон учун, Ўзбекистон раҳбарияти учун нима фойдали бўлса қилишга тайёрман. Доим, ҳар дақиқада. Менинг виждоним пок. Айниқса Ватаним олдида. Яхши одамлар доим ёмонлардан кўп бўлади, акс ҳолда аллақачон қиёмат бўлган бўлар эди …

Эслатиб ўтамиз, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 2019 йилнинг 28 февраль ва 1 март кунлари Наманганга ташрифи чоғида вилоят фаоллари билан ўтказилган йиғилишида Алишер Усмоновни ҳамюртларига ҳиммат ва фарзандлик бурчи сифатида “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари ижроси учун 50 миллион доллар хайрия қилганлигини айтиб ўтганди. Қолаверса, яқин вақт ичида Наманганда миллардер Усмоновнинг ташаббуси билан ёш тадбиркорлар учун бизнес маркази барпо этилади.

Маълумот ўрнида, Алишер Бурхонович Усмонов 1953 йилнинг 9 сентябрь куни Наманган вилояти Чуст туманида таваллуд топган. У оиладаги тўрт нафар фарзанднинг тўнғичи эди. Унинг отаси Бурхон Усмонов ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларида фаолият юритган. 2018 йил август ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонига кўра, давлатимизнинг юксак мукофотларидан бири - “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан тақдирланган.

Оқилхон Дадабоев,

© namangan24.uz

--> -->