Ўзбек миллий кино ва театр санъати оғир жудоликка учради. 2020 йил 29 май, жума куни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, дубляж устаси, таниқли актёр Ҳошим Арслонов оғир хасталикдан сўнг 64 ёшида оламдан ўтди. 

Ҳошим Арслонов 1956 йилда Наманган вилоятининг Чуст туманида туғилган. 1977 йили Тошкент театр институтини тамомлаган. 1977 йилдан 2017 йилгача Ўзбекистон давлат драма театрида фаолият юритган.

Ҳошим аканинг кинодаги ишлари ҳам диққатга лойиқ. 1983 йилдан ўзбек кино санъатида ижодини бошлаган актёр то шу кунга қадар 30га яқин бир-бирини такрорламас, ўзига хос роллари билан ўзбек кино санъатининг ривожига катта ҳисса қўшди. Ҳошим Арслонов кино ихлосмандларига “Уйғониш” (1983), «Марғиёна» (1996), «Отамдан қолган далалар» (1997), «Алпомиш» (2000), «Хўжа Насриддин, Ўйин бошланди» (2006), «Чавандоз» (2007), “Апрель-Май (2007), “Адвокатлар (2008), “Сўзсиз севги (2010), «Қасос» (2011) , “Қўқон шамоли (2019) каби фильмлардаги роллари билан яхши таниш ва севимли бўлиб қолган. 

У кишининг истеъдоди дубляж санъатида ҳам намоён бўлиб, унда муносиб ўринни эгаллади. Бетакрор овози орқали кўплаб хорижий фильмлар қаҳрамонларини маҳорат билан ўзбекча гапиртирди.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ҳошим Арслонов 2017 йилда Италиянинг Искя шаҳрида бўлиб ўтган халқаро кинофестивалда «Улуғбек. Осмон тоқига қўйилган нарвон» фильмидаги роли учун “Энг яхши эркак роли” номинациясида ғолибликни қўлга киритиб, совриндор бўлган.

Ҳошим аканинг кинодаги сўнгги иши 2019 йилда суратга олинган «101-рейс» фильми бўлиб қолди.

Ўзбек киноси, театри ва дубляж санъатининг ёрқин вакили - Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ҳошим Арслоновнинг порлоқ хотираси у ижро этган ролларда, у овоз берган фильмларда ва мухлислар қалбида яшайди.

Инна лиллаҳи инна илайҳи рожиъун!

"Namangan24.uz" сайти жамоаси марҳумнинг яқинларига чуқур ҳамдардлик изҳор этади.

--> -->