Гўзал ва бетакрор Наманган заминида ҳар йили анъанавий равишда ўтказиб келинаётган гул байрами тантаналари бошланди. Гуллар шаҳридаги илк “Гул байрами” 1961 йил 19 августда бўлиб ўтган эди. Шундан буён унинг жўғрофияси кенгайиб борди.

 

 

Айниқса, мустақиллик йилларида байрамнинг мазмун-моҳияти янада бойитилди. Бу йил 59-марта ўтказилаётган айём эндиликда “Халқаро гул байрами” фестивали мақомини олди. Боиси, кейинги йилларда нафақат юртимизнинг бошқа вилоятлари, балки қўшни ва хорижий давлатларнинг гулчилари ҳам бу анъанавий байрамга қўшилдилар.

 

Эндиликда, Гул байрами – тинчлик, ободлик байрами, адабиёт ва санъат байрами, халқлар ўртасидаги аҳиллик ва иноқлик байрамига айланди.

 

Фестивални хорижий оммавий ахборот воситаларида ёритиш учун бу йил дунёнинг турли давлатларидан 12 нафар журналист таклиф этилди. Улар орасида сиёсий журналистика намояндалари, босма ва электрон ахборот воситаларининг таниқли ходимлари бор.

 

Туркиянинг “TRT” телевидениесидан Меҳмет Жанполат, Хитойнинг “Синхуа” ахборот агентлигидан Цай Годун, Россиянинг “Спутник” агентлигидан Илёс Искандаров, Қирғизистоннинг “Кабар” ахборот агентлигидан Туланбай Курбанов, Эроннинг “Fars News” ахборот агентлигидан Шерали Авезматовлар ана шулар жумласидан.

 

 

 

Меҳмонлар Наманган вилояти ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси бошлиғи Раҳимжон Ирисов, “Наманганская правда” газетаси муҳаррири Дилмурод Жумабоев, вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Расулбек Умматов томонидан кутиб олиниб, “Шедевр плаза” меҳмонхонасига жойлаштирилди. Хорижий журналистлар учун “Висол” тантаналар мажмуасида уюштирилган байрам дастурхони атрофидаги мулоқотда меҳмонларга гулчилик тарихи, унинг миллий ва байналмилал аҳамияти, наманганлик гулчиларнинг жаҳонаро муваффақиятлари ҳақида атрофлича маълумот берилди. Гул фестивали тарихи билан танишган журналистлар беҳад мамнунликларини айтиб, ҳайратларини ҳам изҳор этишди.

 

Шунингдек, гул байрами шарафига бағишлаб нашр этилган “Гул диёр мадҳи” китобидан бир нусха совға қилинди. “Гул байрами тарихини биласизми?” сарлавҳали ўзбек, рус ва инглиз тилларида йўриқнома, журналистларнинг аккредитациядан ўтказилганлиги ҳақидаги бейжиклар тарқатилди.

 

 

 

 

Айни пайтда хорижий журналистлар ўзлари фаолифят юритаётган оммавий ахборот воситалари орқали гул байрами тафсилотларини “онлайн” равишда мунтазам ёритиб бормоқдалар. Хусусан, байрам репортажлари Туркиянинг “TRT” телеканалида тўғридан-тўғри намойиш этилмоқда.

 

Дарвоқе, вилоят ҳокимлиги томонидан ишлаб чиқилган режага асосан, хорижий журналистлар учун Наманган шаҳри, Тўрақўрғон, Чортоқ ва Чуст туманларидаги тарихий муқаддас қадамжолар, янги барпо этилаётган замонавий объектлар бўйлаб медиа-тур ташкил этилади.

Оқилхон Дадабоев,

© namangan24.uz

--> -->