Наманган вилояти ҳокимининг 2019 йил 3 июлдаги қарорига кўра, Фазлиддин Абдуолимович Иномов вилоят иқтисодиёт ва саноат бош бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди. У бу лавозимда Марказий банк вилоят бош бошқармасига бошлиқ бўлган Ғайбулло Ҳамидуллаевич Воҳидовнинг ўрнини эгаллади.

Маълумот ўрнида, Фазлиддин Иномов 1981 йилда Наманган шаҳрида туғилган. Маълумоти олий, 1998-2004 йилларда Наманган муҳандислик-педагогика институтида таҳсил олган. Менежмент мутахассислиги бўйича магистр даражасига эга.

Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати берган маълумотга кўра, Фазлиддин Иномов меҳнат фаолиятини вилоят иқтисодиёт бош бошқармасида мутахассис сифатида бошлаган ва турли вазифаларда фаолият олиб борган. 2011-2015 йилларда у вилоят иқтисодиёт бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари вазифасида ишлаган.

2015-2017 йилларда эса Наманган вилояти ҳокимлигининг иқтисодиёт ва ижтимоий ривожлантириш масалалари котибиятида етакчи мутахассис ҳамда бош мутахассис бўлган.

Фазлиддин Иномов 2017 йилдан буён ҳозирги вақтга қадар вилоят ҳокимлигининг тадбиркорлик ва ишбилармонлик муҳитини ривожлантириш, экспортга кўмаклашиш ва қўллаб қувватлаш гуруҳи раҳбари лавозимида фаолият кўрсатиб келаётганди.

“Namangan24.uz” сайти Наманган вилояти иқтисодиёт ва саноат бош бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланган Фазлиддин Абдуолимович Иномовга янги масъулиятли вазифада мустаҳкам саломатлик, куч-ғайрат, шижоат ва улкан зафарлар тилайди.

Маъмуржон Эргашев,

Наманган муҳандислик-технология институти талабаси.

© namangan24.uz

© namangan24.uz

--> -->