Наманган вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Адҳамжон Тиллаволдиев Россия Федерацияси Свердловск вилояти маъмурияти томонидан “Совет қўшинларининг Афғонистондан олиб чиқилганининг 30 йиллиги” фахрий медали билан тақдирланди.

Куни кеча вилоят ҳокимлиги ижроия аппаратининг навбатдаги йиғилишида Адҳамжон Тиллаволдиевга ушбу медаль тантанали равишда топширилди, дея хабар берди Наманган вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати. 

Свердловск вилояти губернатори Евгений Куйвашев шу йил ноябрь ойида Наманган вилоятига қилган ташрифи чоғида Адҳамжон Тиллаволдиевнинг ўз йигитлик бурчини Афғонистонда ўтагани ҳамда қаҳрамонликлари учун ўша даврда қатор давлат мукофотларига лойиқ кўрилгани ҳақида воқиф бўлганди. Буни юқори эътироф этган ҳолда, губернатор томонидан Адҳамжон Тиллаволдиевга “30 лет вывода войск из Афганистана” фахрий медали ва гувоҳномаси юборилди.

Дарвоқе, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 28 августдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма саккиз йиллиги муносабати билан ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги Фармонига кўра, Наманган вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Адҳамжон Тиллаволдиев “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланган эди.

Маълумот ўрнида, Адҳамжон Тиллаволдиев 1965 йили Фарғона вилояти Тошлоқ туманида таваллуд топган. Маълумоти олий. 1986 йили Марғилон план-иқтисод техникуми, 1992 йили эса Андижон иқтисодиёт ва бошқарув институтини тамомлаган.

Солиқ тизимидаги меҳнат фаолиятини 1997 йилда бошлаган, ўтган йиллар давомида турли солиқ идораларида масъул вазифаларда самарали ишлаган Адҳамжон Тиллаволдиев 2018 йил 12 сентябрдан буён Наманган вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият юритиб келмоқда.

Таъкидлаш жоиз, Наманган вилояти солиқ тизимига янги раҳбар келгач, соҳада туб ўзгаришлар амалга оша бошлади. Соҳанинг айрим ходимларидаги ўзибўларчилик, масъулиятсизлик каби иллатларга қарши курашга киришилди. Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик алоқаларига алоҳида эътибор қаратилди. Ҳудудлардаги давлат солиқ инспекциялари биноларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ишчи-ходимларнинг шароитини яхшилаш, улар ўртасида ижро интизомини қарор топтириш, вилоятда солиқ ва бюджет тушумларини тартибга солиш бўйича ҳам сезиларли натижаларга эришилди.

Сўнгги 30 йил ичида биринчи маротаба, тўрт ойдан буён ҳар якшанбани вилоятдаги барча солиқчилар ўз уйларида оила-аъзолари бағрида ҳақиқий дам олиш куни сифатида ўказишяпти. Боиси, солиқчилар қоғозда дам олиш куни саналган бозор (якшанба) куни ҳам ишга чиқишга мажбур бўлар эди. Адҳамжон Тиллаволдиевнинг саъй-ҳаракати билан тизим ходимлари меҳнат самарадорлигини таъминлаш мақсадида ҳар бир ходимни якшанба куни ўз уйида бўлиш ҳақида якдил қарорга келинди.

 

© namangan24.uz

Наманган вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати суратларидан фойдаланилди.

--> -->