Наманган шаҳар ҳокимлиги аппаратида бир қатор муҳим лавозим ўзгаришлари амалга оширилди. Бу ҳақида “Namangan24.uz” сайтига шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Музаффар Абдуллаев Наманган шаҳар ҳокимининг 2019 йил 13 ноябрдаги қарори билан шаҳар ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари этиб тайинланди. У ушбу лавзимда ишлаб келган Улуғбек Ҳолиқовнинг ўрнини эгаллади.

Маълумот ўрнида, Музаффар Абдуллаев 1984 йилда Уйчи туманида туғилган. Маълумоти олий, 2006 йили Наманган давлат университетини тамомлаган. Меҳнат фаолиятини 2007 йилда Наманган вилоят молия бошқармаси бошлиғи ёрдамчилигидан бошлаган.

У 2009 - 2017 йилларда Наманган вилояти молия бошқармасида бош иқтисодчи, сектор мудири, бўлим бошлиғи вазифаларида ишлаган. 2017 - 2019 йилларда Наманган шаҳар молия бўлими мудири бўлган.

2019 йилдан ҳозирга қадар Наманган шаҳар ҳокимининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо бўлими бошлиғи вазифасида фаолият юритиб келаётган эди.

***

Жобир Абдуллаев Наманган шаҳар ҳокимининг 2019 йил 13 ноябрдаги қарори билан шаҳар ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинланди. У ушбу лавозимда ишдан олиниб, бошқа ишга ўтказилган Аюбхон Бобомирзаевнинг ўрнида иш бошлади.

Маълумот ўрнида, Жобир Абдуллаев 1984 йилда Наманган шаҳрида туғилган. Маълумоти олий, 2005 ва 2008 йилларда Наманган муҳандислик-педагогика институтини муҳандис-қурувчи ва муҳандис-энергетик йўналишларида тамомлаган. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси аъзоси, халқ депутатлари Наманган шаҳар Кенгаши депутати.

У меҳнат фаолиятини 2006 йилда “Наманган электр тармоқлари” очиқ акционерлик жамиятида электромонтёрликдан бошлаган. 2008 - 2010 йилларда шу жамиятда муҳандис, етакчи муҳандис бўлиб ишлаган. 2010 йилдан 2013 йилгача Наманган тумани электр таъминоти корхонасига раҳбарлик қилган.

2013 йилдан ҳозирга қадар Наманган шаҳридаги “Истиқбол” электр таъминоти корхонаси бошлиғи вазифасида фаолият юритиб келаётган эди.

***

Аюбхон Бобомирзаев Наманган шаҳар ҳокимининг 2019 йил 13 ноябрдаги қарори билан шаҳар ҳокимининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо бўлими бошлиғи этиб тайинланди.

Маълумот ўрнида, Аюбхон Бобомирзаев 1971 йилда Наманган шаҳрида туғилган. Маълумоти олий, 1993 йили Наманган саноат-технология институти, 2003 йилда Наманган муҳандислик-педагогика институти ва 2005 йилда Президент ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясини тамомлаган. ЎзЛиДеП аъзоси.

У меҳнат фаолиятини 1994 йилда Наманган саноат-технология институтида ассистентликдан бошлаган.

1994-2018 йилларда ушбу институтда декан ўринбосари, Наманган шаҳар ҳокимлигининг "иқтисодстат" бошқармаси мутахассиси, бош мутахассиси,  Наманган шаҳар хусусийлаштириш ва тадбиркорликни қўллаб қувватлаш бўлими бошлиғи, Наманган шаҳар Давлатобод тумани ҳокимининг умумиқтисодий масалалари бўйича ўринбосари, иқтисодиёт бўлими бошлиғи, Наманган шаҳар ҳокимлигининг иқтисодиёт бўлими бошлиғининг ўринбосари, бош мутахассиси, вилоят монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбикорликни қўллаб-қувватлаш ҳудудий бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, бошлиғи, “Косонсой ППР” масъулияти чекланган жамияти раиси, Наманган шаҳридаги “Lux plus servis” масъулияти чекланган жамияти бошқарув раиси, вилоят ҳокимлигининг ҳудудларни комплекс ривожлантириш бошқармаси бош мутахассиси, вилоят ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигининг вилоят бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи, республика Ташқи савдо вазирлигининг вилоятдаги ваколатли вакили, Наманган шаҳридаги “Интер-тола” масъулияти чекланган жамияти директори, Наманган шаҳар ҳокимининг инвестициялар, инновациялар хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари ҳамда туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари вазифаларида меҳнат қилган.

2018 йилдан ҳозирга қадар эса шаҳар ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб келаётганди.

“Namangan24.uz” сайти жамоаси Наманган шаҳар ҳокимлигида раҳбарлик лавозимларига тайинланган Музаффар Абдуллаев, Жобир Абдуллаев ва Аюбхон Бобомирзаевларга янги масъулиятли вазифада мустаҳкам саломатлик, куч-ғайрат, халқимизни рози қилиш йўлидаги саъй-ҳаракатларида шижоат ва улкан зафарлар тилайди.

Оқилхон Дадабоев,

© namangan24.uz

--> -->