Бугун, 16 июль – юртимиздаги таниқли уламо – Ҳорунхон домла Аюбхонов қутлуғ 80 ёшга тўлдилар. Ҳорунхон ҳожи ота 1940 йилда Наманган шаҳрида туғилган. Тошкент Ислом институтининг исломшунослик йўналишини тамомлаган. Мутахассислиги – мударрис. 1958 йилдан 1993 йилга қадар “ХЭРСУ-1” қурилиш ташкилотида самарали меҳнат қилганлар.

1993-2010 йилларда Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг Наманган шаҳридаги вакили, вилоят вакиллиги ўринбосари бўлиб ишлаганлар. Осиёга донғи кетган Ҳошимхон, Абдулатифхон, Убайдуллохон, қори домлаларнинг хизматларида бўлганлар, улардан кўп диний таълим олганлар. Вилоят бош имом хатиби Абулҳай қори Турсунов билан ҳам биргаликда фаолият юритганлар.

Ҳорунхон ҳожи ота 1992 йили “Мустақилликнинг бир йиллиги” ва 2018 йили “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонлари билан тақдирланганлар. Умр йўлдоши Раҳимахон ҳожи она Мусохонова билан 8 фарзандни вояга етказган Ҳорунхон ҳожи домла ҳозирда турмуш ўртоғи билан 70дан ортиқ набира ва эваралари даврасида кексалик гаштини сурмоқдалар. Уларнинг 57 йилдан буён кечираётган аҳил ва тотув ҳаётларига кўпчилик ҳавас билан қарайди.

Дарҳақиқат, Ҳорунхон қори домланинг умр йўлларини ҳар бир киши ҳавас қилса арзийди. Гарчи саксондан сакраган бўлсаларда, бугунги кунда қадамларидан худди 18 ёш йигитлардай ўт чақнайди. Ёшларга, маҳалладошларига панду насиҳатлар берадилар. Эътиборлиси шундаки, пенсия пулларини газета ва китоблар улашишга ҳамда кам таъминланган, эҳтиёжманд оилаларни моддий қўллашга сарфлайдилар. Бу ўткинчи дунёда, ҳар бир инсоннинг ҳаётидан қандайдир яхши из, яхшилик, эзгулик қолиши керак. Одамлар Сизни фақат инсоний фазилатларингизни эслашлари, эҳтиром билан гапиришлари керак, дейдилар табаррук Уламо.

Бугунги қутлуғ сана муносабати билан Наманган шаҳар “Нуроний” жамоатчилик кенгаши аъзоси Ҳорунхон ҳожи хонадонларига вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, шаҳар ҳокими Олим Исаев йўқлов уюштириб, ўз тилакларини билдирдилар. Табаррук отахоннинг юртимиз маънавий-маърифий ҳаётидаги ибратли изланишлари, кўрсатган муносиб хизматларини алоҳида эътироф этилиб, ҳокимлик Фахрий ёрлиғи, эсдалик совғалари топширилди.

“Namangan24.uz” ахборот-таҳлилий портали жамоаси Ватан равнақи, Наманган имижини ошириш, ёш авлод таълим-тарбияси, динимиз ривожи йўлида жонбозлик кўрсатаётган Ҳорунхон қори домлани таваллуд айёмлари билан табриклаб, Аллоҳдан мустаҳкам саломатлик, куч-қувват, ёшларга ҳамиша дуогўй ва маслаҳатгўй бўлиб юришларини тилайди.

Оқилхон Дадабоев,

© namangan24.uz

--> -->