Наманган вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғи, 4-сектор раҳбари Адҳамжон Тиллаволдиев иштирокида Уйчи туманида аҳоли учун навбатдаги сайёр қабул ўтказилди.

Бу ҳақида “Namangan24.uz” сайтига вилоят давлат солиқ бошқармаси жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот шўъбаси хабар берди.

Сайёр қабулда туман аҳолисининг шахсий ҳамда умумий муаммолари, таклиф ва мулоҳазалари тингланиб, жойида бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилди. Унда юзга яқин киши иштирок этиб, уларнинг 21 та мурожаати кўриб чиқилди.

Хусусан, “Ҳуррият” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи, ижтимоий ҳимояга муҳтож Малика Қирғизованинг мурожаати ўрганилиб, амалий ёрдам кўрсатилди. “Хўжаобод” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи бир гуруҳ нуронийларнинг маҳалла гузари ташкил этиш бўйича муаммоли масаласи ҳал этиш чораси кўрилди. Шунингдек, ечими маълум вақт талаб этадиган шикоятлар бўйича тегишли ташкилотларга аниқ кўрсатмалар берилди, ижроси назоратга олинди.

- Бугун фуқароларни қийнаётган муаммо ва камчиликларнинг мутасаддилар томонидан жойига бориб ўрганилаётгани, амалий ёрдам кўрсатилаётгани аҳолини мамнун қилмоқда, - дейди Уйчи тумани давлат солиқ инспекцияси бошлиғи Адҳамжон Маҳмудов. – Муҳими, халқимиз ўзларини қийнаб келаётган масалаларнинг бартараф этилаётганини, мурожаатлар қоғозда эмас, амалда ўз ечимини топаётганлигини дилдан ҳис этмоқда.

Эътиборлиси, маҳаллий давлат бошқаруви идоралари, секторлар раҳбарлари томонидан ўтказилаётган бу каби сайёр қабуллар аҳоли билан юзма-юз мулоқот асосида одамларни қийнаётган муаммоларни аниқлаш ва бартараф этишда муҳим аҳамиятга эга.

© namangan24.uz

--> -->