Коронавирус пандемиясига қарши курашиш бўйича Республика махсус комиссиясининг навбатдаги қарорига кўра, шу йил 15 августдан бошлаб мамлакатимизда карантин қоидалари бирмунча юмшатилди. Бунга сабаб нима эди?

Беш ойдирки, аҳолининг аксарият қатлами ишсиз, даромадсиз қолди. Кўплаб корхоналар фаолиятида танаффуслар юзага келди. Оиланинг бир ойгина даромадидаги узилишлар кейинги бир неча ойга ҳам салбий таъсир кўрсатишини ҳаётнинг ўзи исботлаб берди. Карантин чекловларининг юмшатилишидан асосий мақсад – аҳоли ва оилалар иқтисодини қайта тикланишига ва олдинда турган куз ва қиш мавсумлари учун тайёргарлик кўрилишига имкон яратишдир.

Президентимиз томонидан шу йил 17 августда ўтказилган видеоселектор йиғилишида юртимиздаги пандемия билан боғлиқ вазият таҳлил қилинди ва халқимиз ортиқча қийналмаслиги учун, фуқароларнинг мурожаатларидан келиб чиқиб карантин талаблари юмшатилгани, лекин энди аҳоли жамоат жойларида кўпроқ бўлиши сабабли “COVID-19” тарқалиши хавфи сезиларли даражада ошиши эслатиб ўтилди. Шу боис одамларга янада масъулиятли бўлиб, ўзларини ва яқинларини вирусдан ҳимоя қилиш бўйича талабларга қатъий амал қилишлари кераклигини тушунтириш, амалий ёрдам бериш ва назорат қилиш лозимлиги айтилди.

Йиғилишда Президентимиз: “Ҳар бир фуқаронинг соғлиги ва ҳаёти биз учун муҳим. Биз халқимизни коронавирус балосидан асраб қолиш учун барча куч-имкониятларни ишга солаяпмиз, жаҳондаги энг илғор даволаш тажрибаларини олиб келаяпмиз”, деган фикрни алоҳида таъкидлаб ўтдилар.

Афсуски, айримлар учун карантин талабларининг юмшатилиши яна аввалгидек ҳаёт тарзига қайтиш деганидек туюляпти. Энг ёмони ҳам шу. Кузатаётганимиз – айрим юртдошларимизнинг кўчаларда тиббий ниқобсиз юриши, таниш-билиш, қариндошларини кўришга ошиқиши, “ўтиришлар” ёки “гап”ларни қўмсаши, зиёфатлар уюштириши, тўй ва бошқа маросимларни ўтказишга киришиб кетиши, ҳуда-беҳудага бозор айланишлари – бу катта кўнгилсизликдан, яъни яна қайта коронавирус инфекцияси тарқалишининг авж олишидан далолат беради. Агар шундай давом этаверсак, вирусни асло жиловлаб бўлмайди. Бизнинг биргина бепарволигимиз давлатимиз раҳбари юқорида таъкидлаган кенг кўламли чора-тадбирлар самарасига салбий таъсир кўрсатмай қолмайди.

Кўзимизни каттароқ очайлик, карантин тартибларини бутунлай бекор қилган аксар давлатларда вирус тарқалиши яна қайта кузатиляпти. Ўз юртимизда ҳам ҳамон бу касаллик туфайли оғир аҳволда қолаётган беморлар талайгина. Вирусни юқтираётганлар сони ҳам оз эмас.

Агар бугун карантин талабларига ҳеч қандай шикоятсиз, малолсиз амал қилсак, коронавирус аталмиш балодан бутунлай фориғ бўламиз. Аксинча, карантин қоидаларини менсимай қўйсак, нафақат ўзимиз, балки халқимиз саломатлигини хавф остида қолдирамиз.

Карантин қоидалари юмшатилишини суиистеъмол қилишга ҳаққимиз йўқ. Аксинча, эндиликда ҳар биримиз ўз-ўзимизни янада эҳтиёт қилишимиз, коронавирус инфекциясини юқтириб олмаслик учун янада ҳушёр бўлишимиз зарур.

Аҳмаджон Аълохўжаев,

Халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгаши депутати,
“Миллий тикланиш” партияси фаоли.

© namangan24.uz

--> -->