Наманган вилояти жамоатчилиги оғир жудоликка учради. Вилоят ҳокимининг собиқ ўринбосари ва Косонсой тумани собиқ ҳокими, йўл қурилиши соҳасининг фахрийси, юртимизнинг иқтисодий-ижтимоий тараққиётига салмоқли ҳисса қўшган инсон Икромжон Каримов узоқ давом этган касалликдан сўнг 75 ёшда вафот этди.

Икромжон Каримов 1947 йилда Наманган шаҳрида туғилган. Мактабни битиргач, институтда таълим олиб, олий маълумотли йўлсоз-муҳандис бўлиб етишган.

Меҳнат фаолиятини йўл қурилиш ташкилотида оддий усталикдан бошлаб вилоят ҳокимининг қурилиш соҳаси бўйича ўринбосари лавозимигача бўлган катта йўлни босиб ўтди.

Икромжон Каримов узоқ йиллар мобайнида Республика ва вилоят йўл қурилиши ташкилотларида раҳбарлик вазифаларида ишлади. Ўзининг фидокорона меҳнати билан мамлакатимизда замонавий автомобиль йўллари тармоғи барпо этилишига салмоқли ҳисса қўшди. Кўп йил Наманган вилоят автомобиль йўллари қуриш ва улардан фойдаланиш бошқармаси (ҳозирги "Наманганавтойўл" ташкилоти)га бошчилик қилди.

Кейинчалик Икромжон Каримов вилоят ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари, Косонсой тумани ҳокими лавозимларида ҳам самарали фаолият олиб борди. У бир муддат Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг аъзоси ҳам бўлди.

Икромжон Каримов қаерда ишламасин, халқ ва давлат манфаатларини ҳамма нарсадан устун қўйиши билан ажралиб турарди. Ўзининг фидойилиги, ишга масъулият билан ёндашиши, соҳанинг юқори малакали мутахассиси сифатида кўпчилик ўртасида катта обрў ва ҳурмат қозонган эди. Уни мехрибон ва талабчан раҳбар, дилкаш ҳамда самимий инсон сифатида эъзозлашарди.

Наманган вилояти ҳокимлиги, "Namangan24" ахборот портали жамоаси Икромжон Каримовнинг вафоти муносабати билан марҳумнинг яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради.

Аллоҳ таоло ўтганларни раҳматига олсин, омин. Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун.

© namangan24.uz

--> -->