2021 йил 10 август куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг етим болаларга уй-жой ажратишнинг янги тизимини жорий этиш бўйича қарори қабул қилинди.

Мазкур ҳужжатга кўра, уй-жойга муҳтож ва 18 ёшга тўлган етим бола учун (25 кв. метрдан кам бўлмаган) 1 хонали, улар ўртасида тузилган оила учун (50 кв. метрдан кам бўлмаган) 2 хонали уй ажратилади.

Уй-жой етим боланинг хоҳишига кўра, унинг қариндошлари яшайдиган ёки бошқа ҳудудда янги қурилган кўп квартирали уйлардан, ногиронлиги бўлган етим болаларга эса биринчи қаватдан берилади. Уй-жой билан таъминлашнинг “онлайн-навбат” тизимини амалиётга жорий этилади.

Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга ажратилган уй-жойлар яшаш учун барча зарур шароитларга эга бўлган (таъмирланган ва жиҳозланган) ҳолда топширилади.

Етим болаларга уй-жойлар мулкка эгалик қилиш ҳуқуқи билан, бироқ бола 30 ёшга тўлгунича уни сотиш, гаровга қўйиш, ижарага бериш, оила аъзоси бўлмаган шахсларни рўйхатга қўйиш ҳуқуқисиз берилади.

Йил якунига қадар жами 120 млрд сўм эвазига 757 нафар етим болага уй-жой ажратиш мақсад қилинган.

2021 йил 1 сентябрдан бошлаб етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар давлат тасарруфидаги мактабгача таълим ташкилотлари ва мактабларга навбатга қўйилмаган ҳолда жойлаштирилади;

Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ўқишни давлат олий таълим муассасаларида давом эттирганда, уларга Талабаларни рағбатлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан стипендия тўловлари 50 фоизга оширилган ҳолда тўланади.

© namangan24.uz

--> -->