Республика Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг ўринбосари Раҳимжон Расулжонович Ҳакимов Ўзбекистон Президентининг ижтимоий-сиёсий ривожланиш масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари лавозимига тайинланди.

Раҳимжон Ҳакимов 1983 йилда Наманган вилоятининг Чуст туманида туғилган. Маълумоти олий. 2003 йили Наманган давлат университети, 2005 йили Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган. Мутахассислиги - ҳуқуқшунос. Юридик фанлар доктори ҳисобланади.

Меҳнат фаолияти давомида у Президент ҳузуридаги амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институтида ишлаган. 2015 йилда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига сайланган. 2015 йилдан 2017 йилга қадар Қонунчилик палатасида Мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси аъзоси бўлган, 2017 йилда парламент ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директорига айланган, 2018 йилдан парламентнинг қуйи палатаси мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси раиси бўлган. 2019-2021 йилларда Адлия вазирининг ўринбосари — Тошкент давлат юридик университети ректори лавозимида иш олиб борган.

Янги тайинловга қадар, яъни 2021 йил июль ойидан буён Республика Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг фан ва инновациялар бўйича ўринбосари сифатида фаолият юритиб келаётганди.

Маълумот ўрнида, айни пайтда Президентнинг ижтимоий-сиёсий ривожланиш масалалари бўйича маслаҳатчиси Русланбек Давлетов ҳисобланиб, у Адлия вазири сифатида ҳам ишлаган.

© namangan24.uz

--> -->