Қайд этиш жоиз, 2019 йил 7 ноябрь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг фармонларига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Светлана Боймирзаевна Ортиқованинг ваколати муддатидан аввал тугатилиб, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ўринбосари лавозимига тайинланди.

Маълумот ўрнида, Светлана Ортиқова 1962 йилнинг 1 январь куни Наманган вилояти Учқўрғон туманида туғилган. Миллати – ўзбек. 1987 йили ҳозирги Тошкент давлат юридик университетини тамомлаган. Мутахассислиги ҳуқуқшунос – юрист.

Светлана Боймирзаевна 1980-1988 йилларда Учқўрғон тумани прокуратурасида турли лавозимларда фаолият юритган. 1998-1990 йилларда Наманган шаҳри прокурорининг катта ёрдамчиси, 1993-1996 йилларда республика Бош прокуратурасида прокурор, 1998-2000 йилларда Бош прокуратуранинг Қонунларни мувофиқлаштириш ва ҳуқуқий тарғибот департаменти катта прокурори, Бош прокуратуранинг Қонун ҳужжатларини ҳуқуқий тарғибот бўлими бошлиғи лавозимларида фаолият юритган.

2010 йил 22 январда Биринчи Президентимизнинг фармонига кўра, Светлана Ортиқова иккинчи чақириқ Олий Мажлис Сенатининг аъзоси этиб тайинланди. У 2014 йилга қадар Сенатнинг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасини бошқарган.

Таъкидлаш лозимки, Светлана Ортиқова Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Матбуот хизмати раҳбари сифатида фаолият юритган кезлари яққол кўзга ташланган. Айниқса, 2005 йилда рўй берган Андижон воқеаларидан кейин кўплаб халқаро оммавий ахборот воситаларида Бош прокуратура расмийси сифатида берган интервьюси давлат раҳбарияти эътиборига тушганди.

2014 йилда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раисининг ўринбосари лавозимига тайинланган. 2015 йил 20 январда у Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони билан Сенат аъзоси этиб тайинланди ва Сенат раиси ўринбосарлигига сайланди.

Светлана Ортиқова 2006 йилда Биринчи Юртбошимизнинг Фармонига мувофиқ “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланган. Дарвоқе, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов уни Сенат аъзолигига тайинлар экан, шундай деган эди:

“Ўйлайманки, бу кишини ҳам кўпчилик, шу залда ўтирганларнинг барчаси яхши билади. Аввало, унинг етарли билим ва тажрибасини, малака ва маҳоратини, обрў-эътиборини юксак баҳолайди, десам, хато бўлмайди”.

“Namangan24.uz” сайти Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ўринбосари лавозимига тайинланган Светлана Боймирзаевна Ортиқовага янги юксак масъулиятли вазифада мустаҳкам саломатлик, куч-ғайрат, шижоат ва улкан зафарлар тилайди.

© namangan24.uz

--> -->