Ватанимиз мустақиллигининг 30 йиллик байрамини нишонлашга муносиб тайёргарлик кўриш, жойларда соғлом турмуш тарзи ва санитария-гигиеник маданиятни тарғиб қилган ҳолда коронавирус пандемияси тарқалишининг олдини олиш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламини қўллаб-қувватлаш мақсадида Ҳукумат фармойишига белгиланган, “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” шиори остидагни умумхалқ хайрия ҳашари Наманган вилоятида юксак уюшқоқлик билан ташкил этилди.

Ободонлаштириш саъй-ҳаракатларини кўтаринки руҳда ўтказиш мақсадида Наманган вилояти Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси ҳамда “Маҳалла” фонди вакилларидан иборат Ишчи гуруҳи тузилиб, штаб кунлик жараёнларни мувофиқлаштириб борди.

21 август куни эрта тонгданоқ ҳудудлардаги турар-жой мавзелари ва маҳаллаларда аҳоли яшаш пунктлари, кўп қаватли бинолар ва ҳовлилар атрофи, гузарлар, хиёбонлар, зиёратгоҳлар, қабристонлар, ариқлар, лотоклар, болалар майдончалари, кўча ҳамда йўлакларни тартибга келтириш, дарахтларни оқлаш, буташ, шакл бериш, қурилиш ва маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш, шунингдек, ногиронлар, ёлғиз қариялар, боқувчисини йўқотган, ижтимоий муҳофазага муҳтож оилаларнинг уй-жой шароитларини яхшилашга кўмаклашиш сингари хайрли ишларга киришилди.

Кенг кўламдаги бундай юмушларда вилоятнинг шаҳар ва туманларида мавжуд 777 та маҳалла фуқаролар йиғини, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш, Соғлиқни сақлаш, Халқ таълими, Мактабгача таълим тизимлари, Ёшлар ташкилотлари, Нуронийлар кенгаши фаоллари, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари, корхоналар ва муассасалар ишчи ходимлари фаол иштирок этди. Жойларда ўтказилган умумхалқ хайрия ҳашарларида жами 937 583 нафар фуқаро қатнашди. Уларнинг 340 202 нафари 30 ёшгача бўлган йигит-қизлар ҳиссасига тўғри келади.

Ҳашар давомида 1 603 гектардаги майдонлар ободонлаштирилди, 762 тонна чиқиндилар чиқариб ташланди. 461 километр бўйлаб ариқ ва лотоклар тозаланди, 672 та қабристон ва 30 та муқаддас зиёратгоҳ обод қилинди. 804 144 дона дарахт ва кўчатларга шакл берилиб, оқлаш ишлари бажарилди. Ҳашарга тегишли ташкилотлар кўмаги билан 418 та техник воситалар жалб этилди.

Эҳтиёжманд оилаларга беминнат мурувват улашиш мақсадида 1 191 та оиланинг 25 932 м2 уй-жойлари ҳашар йўли билан таъмирланди. 1 211 та эҳтиёжманд хонадон, шу жумладан 393 нафар ногиронлиги бор ва ёлғиз кексалар ҳолидан хабар олиниб, уларга моддий ёрдам кўрсатилди. Ушбу хайрия тадбирларини амалга оширишда 365 миллион 169 минг сўм, шундан 10 миллион 300 минг сўмдан зиёд маблағ “Маҳалла” фонди ҳисобидан сарфланди.

Ободонлаштириш ойлиги доирасидаги тадбирларда истиқлолимизнинг 30 йиллик айёмига муносиб тўёналар ҳам ҳозирланди. Чортоқ туманидаги “Тенгдош”, “Истиқлол”, “Ифтихор”, Норин туманидаги “Қурама”, “Сирмоқ”, Янгиқўрғон туманидаги “Тиллатепа” маҳалла фуқаролар йиғинларининг хизмат бинолари ҳамда Косонсой туманидаги Навбаҳор ва Обод маҳаллаларидаги кўп қаватли уйлар ёнида қурилган болалар майдончалари фойдаланишга топширилди.

Наманган туманидаги Қоракўл маҳалласида яшовчи, “Темир дафтар” рўйхатига олинган Робахон Ҳожакбарова давлатимизда ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда эмаслигидан хурсанд. Боиси, унга яшаб турган ҳовлиси таъмирга муҳтожлиги сабабли туман ҳокимлиги ва “Маҳалла” фонди ҳисобидан 5 тонна арзик, 30 дона шифер ва 20 дона фанер олиб берилди. Шунингдек, маҳалладошлар ҳашарда елка тутишиб, чакка ўтаётган том қопламаси алмаштирилди, хоналар шифтига фанер қадаб, арзик билан сувоқ қилинди.

Бу каби хайрия ишлари Наманган шаҳри, Давлатобод, Косонсой, Норин, Тўрақўрғон, Уйчи, Мингбулоқ, Тўрафўрғон ва Учқўрғон туманларида истиқомат қилаётган ўндан ортиқ кам таъминланган фуқароларнинг таъмирга муҳтож хонадонларида ҳам амалга оширилишига яқиндан кўмак берилди.

Хайрия ҳашари муносабати билан Наманган шаҳри ҳамда Янгиқўрғон туманидаги маҳаллаларда яшовчи нафар кам таъминланган оилаларнинг 10 нафар фарзандларининг хатна тўйлари МФЙ фаоллари ва ҳомийлар кўмагида ўтказиб берилди.

© namangan24.uz

--> -->