Ўзбекистон Бош прокурорининг буйруғига асосан адлия катта маслаҳатчиси Акмалхўжа Юсупович Мавлонов Наманган вилояти прокурори этиб тайинланди. Бош прокурор ўринбосари сифатида ишлаётган янги раҳбар бундан икки ҳафтача муқаддам ишдан олинган Рашид Насруллаевич Раҳматовнинг ўрнини эгаллади.

Бу ҳақида республика Бош прокуратурасининг матбуот хизмати хабар берди.

Маълумот ўрнида, Акмалхўжа Юсупович Мавлонов 1975 йилда Фарғона вилоятида таваллуд топган. Маълумоти олий, 2002 йилда Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган. Мутахассислиги ҳуқуқшунос-юрист.

Акмалхўжа Мавлонов прокуратура органларидаги иш фаолиятини 2002 йили Наманган шаҳри собиқ Давлатобод тумани прокуратурасида бошлаган. Наманган вилояти прокуратураси органларида турли лавозимларда фаолият юритган. Шунингдек, у 2006 йилдан Бош прокуратура бошқарма прокурори, катта прокурори, Марғилон шаҳар прокурори (2017 йил мартигача), Сирдарё вилояти прокурорининг биринчи ўринбосари (2017 йил), Хоразм вилояти прокурори (2017 йил 8 октябридан 2018 йил 25 февралигача) лавозимларида иш олиб борган. 2018 йилнинг февраль ойидан 2018 йилнинг августигача эса Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти бошлиғи лавозимида ишлаган.

2018 йилнинг августидан буён Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган Акмалхўжа Мавлонов эндиликда Наманган вилояти прокурори сифатида иш олиб боради.

Эътиборлиси шундаки, сўнгги икки йил ичида Наманганда кетма-кет уч маротаба вилоят прокурори ўзгартирилди. 2018 йилда Баходир Умаровнинг ўрнига Улуғбек Алишерович Тошев тайинланди. Кўп ўтмай у Президентимизнинг Наманган вилоятига ташрифидан кейин қонунийлик, ҳуқуқбузарликлар эрта профилактикасини таъминлаш, кадрлар тарбиясида йўл қўйган камчиликлари учун лавозимидан озод этилган эди. Унинг ўрнига 2019 йил мартидан буён Наманган вилоятига прокурорлик қилиб келган Рашид Насруллаевич Раҳматов эса Ниғматулла Йўлдошевнинг мамлакат Бош прокурорлигига келганидан кўп ўтмай “пости”ни тарк этди.

“Namangan24.uz” сайти Наманган вилояти прокурори этиб тайинланган Акмалхўжа Юсупович Мавлоновга янги масъулиятли вазифада мустаҳкам саломатлик, куч-ғайрат, шижоат ва улкан зафарлар тилайди.

Оқилхон Дадабоев,

© namangan24.uz

--> -->