Аҳоли билан бевосита ва очиқ мулоқот қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти Халқ қабулхонаси томонидан жойларда вазирлик ва идоралар, секторлар раҳбарларининг сайёр қабуллари йўлга қўйилди.

Хусусан, Наманган вилояти ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Хайрулло Бозоров Учқўрғон туманида аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни кенгайтириш, мавжуд долзарб муаммоларни аниқлаш, уларни бевосита жойида бартараф этиш юзасидан аниқ ва тезкор чоралар кўриш мақсадида сайёр қабул ўтказди.

Сайёр қабулда шунингдек, сектор раҳбарлари – вилоят прокурори, вилоят ИИБ бошлиғи, вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи, вилоятдаги ташкилот ва идоралар раҳбарлари, бошқа мутасаддилар қатнашдилар.

Вилоятнинг барча туманларидан келган фуқаролар вакиллари билан кун бўйи давом этган юзма-юз мулоқотда уй-жой, моддий ёрдам, коммунал хизмат, банк, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари фаолияти, соғлиқни сақлаш, бандлик, тадбиркорлик, фермер хўжалиги ва бошқа масалаларга оид 311 та  мурожаат келиб тушди. Шундан 161 таси жойида ижобий ҳал этилди. 10 та мурожаат бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилди. Қолган 140 таси қонунчиликда белгиланган муддатларда ўрганиб, чора кўриш учун тегишли ташкилот ва идораларга юборилиб, ижроси назоратга олинди.

Жумладан, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан 6 та имтиёзли даволаниш учун ордер, 4 та ногиронлик аравачаси, 5 та сиҳатгоҳларга йўлланма ва яна эшитиш мосламаси, ортопедик воситалар берилди.

Бундан ташқари, давлат хизматлари маркази томонидан 166 та, жумладан 45 нафар фуқарога СТИР берилди. Ҳукуматнинг 461-сонли қарори асосида 96 та, мактабгача таълим муассасасига навбатга қўйиш бўйича хизматлар кўрсатилиб, 25 та ариза қабул қилинди.

Бу каби қабуллар фуқароларнинг адолат излаб идорама-идора юриши ёки пойтахтга овора бўлиб келиб-кетишининг олдини олиб, муаммони жойида ҳал қилиш имконини бермоқда. Энг муҳими, Республика даражасидаги раҳбарларнинг халқ ҳузурига бораётгани қуйи тизимлардан ҳал бўлмаётган масалаларнинг ҳал қилинишига ёрдам бермоқда.

Оқилхон Дадабоев,

© namangan24.uz

--> -->