Чортоқ тумани “Навбаҳор” маҳалла фуқаролар йиғини, "Ёш оила" кўчаси, 47-уйда истиқомат қилувчи Адҳам Қодировлар оиласида бир йўла уч чақалоқ дунёга келди.

Бу ҳақида "Namangan24.uz" сайтига Чортоқ тумани ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Расулбек Умматов хабар берди.

Ота-она янги туғилган фарзандларига Зироатхон, Саида ва Шаҳноза исмларини қўйишди.

Чақалоқлар соғлом ва тетик. Вазн ва бўй меъёрда ўсмоқда.

Адҳамжон ва Одинахонлар бунгача уч нафар қиз фарзанднинг ота-онаси бўлган. Тўнғич қиз – Мадинабону Абдулхафизова 5-синф, иккинчиси – Муштарий 2-синф ўқувчиси. Учинчиси – Муслима 6 ёшда.

Одинахон Алтимешова Асли Тошкент вилоятининг Янгийўл туманидан. У  2006 йил ноябрда Чортоққа келин бўлиб тушган. Ҳозирда рўзғор юмушлари, фарзандлар парвариши ва тарбияси билан банд. Турмуш ўртоғи Адҳамжон Қодиров қўли гул уста. У иморатсозликка  ҳисса қўшиш баробарида ҳалол меҳнати билан оилани моддий таъминлаш ҳаракатидан бўлмоқда.

Чортоқ тумани ҳокимлиги мутасаддилари чақалоқлар таваллуд топган хонадонда бориб, эгизак қизалоқларнинг онаси Ойдина Алтмишовани муборакбод этиб, самимий тилакларни билдирдилар. Гўдакларга туман ҳокимлиги томонидан қимматбаҳо совғалар ва озиқ-овқат маҳсулотлари топширилди.

© namangan24.uz

--> -->