Яқинда “Ўзбекистон 24” телеканалида “Адолат” социал демократик партияси томонидан 2019 йилнинг 29 сентябрь куни Наманган вилояти Янгиқўрғон туманидаги “Бешбулоқ” ўйингоҳида ўтказилган “Адолат — ҳар бир инсон учун!” шиори остидаги митинг ҳақидаги ахборот намойиш этилди. Унда “Адолат” СДП вакили, туман ҳокимлигининг "Янгиқўрғон ҳаёти" газетаси муҳаррири Дилбар Асқарова телеканал мухбирига интервью берар экан, сайловчиларни партия номзодларига овоз беришга чақирди.

Маълумки, бу йилги сайловлар Марказий сайлов комиссияси томонидан “Янги сайлов, янги Ўзбекистон!” шиори остида ўтиши эълон қилинди. Бунинг маъноси жорий йил илк маротаба сайловлар янги Сайлов Кодекси асосида ўтказилаётганидир. Аммо “Адолат” СДП вакилининг бемаврид қичқирган хўроздек сайловчиларни овоз беришга даъват қилгани “Адолат”чи опанинг Сайлов кодексидан бехабар эканлигини кўрсатади. Чунки бу пайтда ҳали партия Марказий сайлов комиссиясининг сайловда иштирок этишга рухсатини оладими, йўқми бу номаълум. Бундан ташқари, жамоатчилик сиёсий партияларга эргашишини наҳотки, бугун партия номидан гапираётган одам билмаса?

Бу интервьюни кўриб, Сайлов кодексининг 44-моддасидаги Сайловолди ташвиқоти номзодларни рўйхатга олиш учун белгиланган охирги куннинг эртасидан эътиборан бошланишини эсладим.

Боз устига ҳали депутатликка номзодлар эълон қилингани йўқ. “Адолат” СДП вакили одамларни чалғитиб, қонунга хилоф равишда йўқ номзодларига даъват этиши эса бемаҳалда қичқирган хўроз қилиғидан бошқа нарса эмас.

Дарвоқе, 20 сентябрь куни “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши томонидан ўтказилган Тошкент шаҳридаги “Анҳор-Локомотив” боғида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Муҳаррам Дадахўжаева ҳам омма олдига чиқиб, барчани партия номзодларига овоз беришга чақирди.

Агарки, Олий Мажлисда қонунлар “кашф” этаётган депутатларнинг ўзи қонун талабларини бузиб турса, бошқалардан нимани кутиш мумкин?

Икром Худойбергенов,

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси “Ёшлар қаноти” фаоли.

© namangan24.uz

--> -->