Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори, Хитойнинг “Шанхай СПИГ” клуби аъзоси Одил Аҳмедовнинг акаси, бир қатор фильм ва сериаллар орқали элимизга танилган актёр Ёқуб Аҳмедов халқ депутатлари Наманган шаҳар Кенгаши депутатлигига сайланди.

Бу ҳақида расман, шаҳар ҳокимлигининг “Наманган садоси” газетасининг 2019 йил 27 декабрдаги сонида ёритилган шаҳар сайлов комиссиясининг “Халқ депутатлари Наманган шаҳар Кенгаши депутатларини рўйхатга олиш тўғрисида”ги қарорида маълум қилинди.

Қайд этиш жоиз, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан депутатликка кўрсатилган Ёқуб Аҳмедов халқ ноиблиги йўлида “Адолат” партиясидан номзод – Наманган шаҳридаги 50-мактаб директори Насиба Каримова, Халқ демократик партиясидан номзод – “Баҳор” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Илҳомжон Расулов, Экологик партиядан номзод – 20-мактабгача таълим ташкилоти (болалар боғчаси) мудираси Олидажон Умарова, Либерал демократик партиядан номзод – Наманган шаҳридаги “Марказ” электр таъминоти корхонаси бошлиғи Жавлонбек Халиловлар билан рақобатлашди.

Натижада, 22 декабрь куни Наманган шаҳридаги “21-Марғилон” сайлов округида бўлиб ўтган сайловда кўпчилик сайловчилар “Миллий тикланиш” партияси фаоли, "Водий автотех сервис", "Доктор А", "Coliseum plus" масъулияти чекланган жамиятлари таъсисчиси Ёқуб Аҳмедовга ишонч билдирди.

“Namangan24.uz” сайти жамоаси депутатликка сайланган актёр ва тадбиркор Ёқуб Аҳмедовни табриклаб, депутатлик фаолиятида куч-ғайрат, шижоат ва улкан зафарлар, энг муҳими элимизга садоқат билан хизмат қилишини тилаб қолади.

Оқилхон Дадабоев,

© namangan24.uz

--> -->