Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Ҳайитбоевич Бозоров “Янгиқўрғон туманида туризм ва экотуризмни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  қарорни имзолади.

Бу ҳақида вилоят ҳудудий туризмни ривожлантириш бошқармаси хабар бермоқда.

Нанай қишлоғининг туризм салоҳиятини оширишга қаратилган мазкур қарор асосида маҳаллий аҳолининг бандлигини таъминлаш, ҳудуддаги бўш ва қаровсиз турган кўплаб дам олиш масканлари негизида замонавий туризм объектлари ташкил этиш ҳамда Нанайни қишлоқ экотуризм марказига айлантириш кўзда тутилган.

Қаровсиз фойдаланилмаётган активлар Янгиқўрғон тумани ҳокимлигининг балансига қайтарилади ва улар ўрнида замонавий дам олиш жойлари - кемпинг, оромгоҳлар, меҳмон уйларини ташкил этиш мақсадида маҳаллий ва хорижий инвесторлар жалб этилади.

Ҳоким қарори билан вилоят ҳокимлиги ҳузурида алоҳида юридик шахс мақомига эга бўлган Нанай қишлоғини экотуризм марказига айлантириш, дам олиш масканлари бино-иншоотларидан фойдаланиш ва улар фаолиятини мувофиқлаштириш дирекцияси ташкил этилмоқда.

Вилоят ҳудудий туризмни ривожлантириш бошқармасига Нанайни экотуризм марказига айлантириш борасида маҳаллий ва хорижий инвесторлар билан музокаралар ўтказиш, шунингдек бир ой муддатда айрим туризм объектларини давлат-хусусий шерикчилик асосида ажратиш бўйича лойиҳа тайёрлаш вазифаси юклатилди.

Маълумот ўрнида, қўшни Қирғизистон билан чегарадош тоғли ҳудудда жойлашган Нанай қишлоғида 15 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Нанайда бугунги кунгача 100га яқин меҳмон уйи рўйхатга олинган.

© namangan24.uz

Ҳамдам Мамадалиев олган суратлар.

--> -->