Россия Федерациясининг Урал давлат тиббиёт университети ҳамда Наманган давлат университети ҳамкорлигида ташкил этилган қўшма тиббиёт факультетида талабаларнинг тантанали қасамёд қабул қилиш маросими ўтказилди. Биринчи курсга қабул қилинган дастлабки талабалар Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров ва Свердловск вилояти губернатори Евгений Куйвашев ҳузурида бўлажак шифокорлар Гиппократ қасамини қабул қилдилар.

Бу ҳақида Наманган вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Урал ва Наманган олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги қарор 2019 йил январь ойида қабул қилинган эди. Кўп ўтмай сентябрь ойида Наманганда икки университет қўшма факультетнинг тантанали очилиши маросими бўлди. Жорий ўқув йилида қўшма тиббиёт факультетига 130 нафар талаба даволаш иши, педиатрия, стоматология, фармацевтика йўналишлари бўйича  қабул қилинди.

Маълумот ўрнида, Урал давлат тиббиёт университети Россия ҳудудидаги мингга яқин олий таълим муассасалари ўртасида катта нуфузга эга бўлиб, рейтингда кучли ўнталикдан ўрин эгаллаган. Ҳамкорликда таълим тажрибасини қўлланиши ўз навбатида Наманганда ҳам олий таълим муассасаларида ўқиш сифати ошиши асносида малакали ва рақобатбародош кадрларни етиштиришга катта туртки беради.

Талабалар билан учрашувда сўз олган Хайрулло Бозоров бугунги кунда вилоятимизда Россия олий ўқув юртлари билан ҳамкорликда бешта қўшма факультет ишлаётганини таъкидлаб, жумладан шундай деди:

- Қўшма факультет Наманган олий таълими тарихида янги саҳифа очди. Биз илк бора тиббиёт соҳасида мутахассислар тайёрлай бошлаймиз. Бугунги кунда вилоятимизда жадал ривожланиб бораётган тиббиёт соҳасида замонавий билимларга эга мутахассисларга катта талаб бор.

Маросимда рус губернатори Евгений Куйвашев: “Бугун Свердловск ва Наманган вилоятлари янада яқинлашди, бир-бирига қизиқиш ортди. Бу нафақат саноат, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, балки, ижтимоий соҳалар – маданият, таълим ва соғлиқни сақлашдаги ҳамкорлик туфайли юзага келди. Айнан соғлиқни сақлаш соҳасига эътибор шу боиски, бунда инсонларнинг ҳаёти сифатини яхшилаш масаласи каби муҳим масала турибди. Бугунги кунда кадрлар тайёрлаш борасида соҳага энг замонавий технологиялар жорий этилмоқда, янги методикалар қўлланилмоқда”, – дея қайд этди.

Наманганнинг Свердловск вилояти билан тиббиёт соҳасидаги ҳамкорлиги биргаликда мутахассислар тайёрлаш билан чекланиб қолмайди. Ураллик тиббий техника ишлаб чиқарувчиларининг октябрь ойидаги юртимизга ташрифи чоғида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан аниқ келишувларга эришилди. Энди тиббий суғурта ва телетиббиётни жорий этиш бўйича ҳам ҳамкорлик қилинади. Репродуктив технологияларни тадбиқ қилиш борасидаги Свердловск вилояти тажрибасини Наманганда қўллаш масаласи ҳам бугунги кунда истиқболли режа ҳисобланади.

©namangan24.

Наманган вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати суратларидан фойдаланилди.

--> -->