Наманган шаҳрининг Уйчи кўчасида вилоят эндокринология диспансерининг 160 ўринли янги биноси фойдаланишга топширилди.

 

 

Шу муносабат билан ўтказилган тантанали маросимда Наманган вилояти ҳокими, сенатор Хайрулло Бозоров, республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази директори ўринбосари Зарифа Ҳалимова, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги раҳбари Алишер Инаковлар  сўзга чиқиб, Президентимизнинг вилоятларга ташриф чоғида ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос муаммоларига эътибор қаратилиб, жойида ечим топиб келинаётганида аҳолининг турмуши даражаси юксалаётгани ўзининг ёрқин ифодасини топётганини таъкидлашди.

Дарҳақиқат, мазкур тиббиёт муассасаси учун янги мажмуа барпо этилиши ҳам Юртбошимизнинг Наманган вилоятига 2017 йилги ташрифи доирасида берилган қатор муҳим вазифалардан биридир. Мамлакатимиз аҳолисининг қарийб учдан бири яшайдиган Фарғона водийсида эндокринологик касалликка чалиниш эҳтимоли нисбатан кўплигини назарда тутиб, водийда шундай марказ бўлиши зарурлиги айтилган эди. Бу мақсад сўздан амалга кўчиб, ўтган қисқа вақтда мана шу муҳташам шифо маскани қад ростлади. Бу ҳудудда эндокринологик хасталиклар сони сезиларли камайишига хизмат қилади.

Қайд этиш жоиз, эл орасида “сахар болница” деб атаб келинадиган Наманган вилояти эндокринология диспансери ҳозирга қадар зах, яъни ер ости сувлари яқин, ҳаво айланиши оғир нуқтада жойлашган эди. 110 ўринга мўлжалланган шифохона ўтган асрнинг 1960-йилларида қурилган мослаштирилган икки қаватли бинода фаолият кўрсатиб келаётган ва тиббий хизмат сифати ва самарадорлиги ҳам шунга яраша эди.

 

 

Қарийб 15 миллиард сўм давлат бюджети маблағи ҳисобига “Файзиобод само сервис” масъулия чекланган жамияти бунёдкорлари томонидан энг такомиллашган лойиҳа асосида қуриб битказилган ушбу диспансерда эндокрин касалликларни профилактика, диагностика қилиш ҳамда замонавий усулда даволаш учун шароит яратилди. Хусусан, УЗИ ва рентгент хизматлари, клиник ва биохимик, гармонал таҳлиллар ўтказиш йўлга қўйилди. Маслаҳат-диагностика, болалар ва ўсмирлар, диабетология-тиреодология, диабетология-нефрология, жарроҳлик бўлимлари фаолият бошлади. Маслаҳат-диагностика бўлимида кунига 150 нафар беморга хизмат кўрсатиш имконияти мавжуд.

 

 

– Диспансеримиз бугунги давр талаби, юксак андозалар даражасида хизмат кўрсатувчи замонавий тиббиёт масканига айланди, – дейди тиббий муассаса бош врачи, тиббиёт фанлари доктори Муҳаммад Ваққосов. – Яқин орада энг такомиллашган тиббий асбоб-ускуна ва жиҳозлар билан таъминланади. Келгусида мазкур муассаса эндокринология ютуқларини минтақада кенг ёядиган марказ сифатида фаолият юритади.

Абдулла Ғозиев,

© namangan24.uz

Суратларни Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати тақдим этди.

--> -->