Наманганда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ЮНИСЕФ жамғармаси томонидан вакциналарни сақлашга мўлжалланган соқвуқлик занжири объекти фойдаланишга топширилди.

Замонавий совутгичлар билан жиҳозланган йирик вакциналар омбори бир ёшгача бўлган 65 мингдан ортиқ болани эмлашга мўжалланган 12 хил турдаги 31 100 литр вакцинани сақлаш имконини беради. Ичига кириб юриш мумкин бўлган совутгич камералари вакциналар сифати учун зарур бўлган 2—8 даража ҳароратни доимий равишда таъминлаб туради.

ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Саша Грауманн янги объектни Наманган вилояти давлат санитария-эпидемиология назорати маркази (ДСЭНМ) бош шифокори Рустам Ҳамроқуловга топшираркан, совуқли занжири иншоотини ишга туширилиши болалар саломатлигини муҳофаза қилиш йўлида олиб борилаётган ишларни янада такомиллашувига хизмат қилажагини билдирди.

Қайд этиш жоизки, ЮНИСЕФ ва ГАВИ (Вакциналар ва иммунизация бўйича Глобал Алянс) ташкилоти томонидан Ўзбекистонга ажратилган 22 миллион долларлик грант ҳисобидан Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятларда 21 та вакцина сақлаш омборхонасини қуриш ва уларни жиҳозлаш белгиланган. Мазкур объектлар Марказий Осиёда энг яхшилари ҳисобланиши эътиборга молик.

Маълумот ўрнида, вакциналар ёрдамида 5 ёшгача бўлган деярли 3 миллион болани ўлим хавфидан сақлаб қолиш мумкин. Иммунизация келаси авлодлар учун аҳоли саломатлигини сақлашга қилинган энг яхши муваффақиятли ва иқтисодийт жиҳатдан фойдали инвестиция саналади.

- Ҳозирда вилоятимиз марказидан ташқари Тўрақўрғон, Чуст ва Чортоқ туманларида ҳам мана шундай вакциналар сақлаш омборлари қурилган. Йил якунига қадар Норин ва Наманган туманларида янги омборларни ишга тушириш кўзда тутилган. Келгусида шаҳар-туманларга вакциналарни етказиб бериш учун махсус авторефрижераторлар харид қилиниш режалаштирилмоқда, - дейди Наманган вилояти ДСЕНМ иммунопрофилактика бўлими бошлиғи Шерзод Латифжонов.

Тадбирда Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов иштирок этди.

Оқилхон Дадабоев,

© namangan24.uz

--> -->