2020 йилнинг 18 июль куни Наманган вилояти тиббиёти тирихида ғоят унутилмас воқеа рўй берди. Вилоят юқумли касалликлар шифохонасида бир йўла коронавирус инфекциясидан бутунлай тузалган 55 нафар беморни соғлом ҳаёт сари қадам қўйиб, уйларига кузатилди.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасидаги “Namangan24.uz” ахборот-таҳлилий портали манбаси қайд этишича, соғайганлар орасида Наманган шаҳри, Чортоқ, Уйчи, Учқўрғон, Янгиқўрғон, Поп, Тўрақўрғон ва Чуст туманларида яшовчи фуқаролар бор. Шунингдек, Бухоро вилоятидан келган 3 нафар бемор ҳам касалхонани тарк этди.

Оиласи бағрига шошаётган ҳамюртларимиз давлатимиз томонидан кўрсатилган беқиёс ғамхўрлик учун миннатдорчилик изҳор қилиб, қаҳрамонона хизматлари билан эл дардига дармон бўлаётган саломатлик посбонларига, хусусан Бош шифокор Жакбарали Қурбонов бошчилигидаги вилоят юқумли касалликлар шифохонаси заҳматкашларига раҳматлар айтишди.

Тузалганларни яшаш манзилларига жўнатиш учун 6 та автобус ажратилиб, улар уйларига эсон-омон етказилди. Шу тариқа, Наманган вилоятида коронавирусдан халос бўлган беморлар сони 385 кишига етди. Касалхоналарда 154 нафар бемор қолмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 20 июль соат 17:00 ҳолатига кўра, ҳозирга қадар коронавирусга чалинган беморлар сони 17 минг 149 кишига етди.

© namangan24.uz

--> -->