Наманган вилоятининг Чортоқ туманида Саудия Арабистонига муқаддас Умра зиёратига отланган 89 ёшли онахонга туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома топширилди.

Бу ҳақида “Namangan24.uz” сайтига Давлат хизматлари агентлиги Наманган вилояти бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Қайд этиш жоиз, Чортоқ туманининг Ҳазратишоҳ қишлоғи Наманган вилояти марказидан 70, туман марказидан эса 50 километр узоқликда жойлашган. Бу қишлоқда яшовчи одамларнинг узоғини яқин, мушкулини осон қилиш мақсадида туман давлат хизматлари маркази томонидан доимий тарзда сайёр давлат хизматлари кўрсатиб келинмоқда.

Қишлоқнинг табаррук онахонларидан бири Айимхон ая Машарипова бу йил Умра сафари учун туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси йўқлиги сабабли туман давлат хизматлари марказига мурожаат этди.

Мурожаат Чортоқ тумани ФҲДЁ бўлими томонидан тезкорлик билан ҳал қилинди. Давлат хизматлари маркази ходимлари билан биргаликда 90 га яқинлашиб қолган онахонга туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома топширилди.

© namangan24.uz

--> -->