“Ҳудудгаз Наманган” масъулияти чекланган жамиятининг “Чортоқтумангаз” филиали томонидан ҳозирги кунда, туман бўйича жами 35 мингдан зиёд истеъмолчига хизмат кўрсатиб келинмоқда. Уларнинг 24 минг 500га яқини суюлтирилган газдан фойдаланади.

– Табиий газ етиб бормайдиган ва табиий газ билан газлашмаган аҳоли хонадонларини суюлтирилган газ билан мунтазам таъминлаш мақсадида, жорий йил январ-май ойлари давомида ажратилган суюлтирилган газ фонди 1455,83 тонна бўлиб, ҳақиқатда 1521,2 тонна суюлтирилган газ истеъмолчиларга етказиб берилди, –  дейди биз билан суҳбатда филиал бошлиғи Роҳимжон Ҳайитов.

Албатта, бугунги пандемия шароитида маиший баллонларини истеъмолчиларга етказиб берувчи ишчи-хизматчиларнинг зиммасида карантин қоидаларига амал қилиш ва фуқароларни ҳам шунга чақиришдек жиддий масъулият турибди. Шу сабабли, фаолият маҳалла фуқаролар йиғинлари билан чамбарчас равишда амалга оширилмоқда, дея хабар беради “Ҳудудгаз Наманган” МЧЖ матбуот хизмати.

Чортоқлик Нигора Аҳмедова ҳам суюқгаз истеъмолчиларидан. У газ таъминотидан хурсандлигини қуйидагича изҳор этди:

- Бизга суюлтирилган газ билан тўлдирилган маиший баллонларни вақтида алмаштириб беришяпти. Газчиларнинг хизматидан мамнунмиз. Карантин шароитида уйдан кўчага чиқмадик. Баллонларни олиб келиб беришди. Бунинг учун уларга раҳмат.

Чиндан ҳам, тожли вирус пандемияси сабаб карантин шароити одамлар ўртасидаги меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат туйғусини янада мустаҳкам қилди. “Чортоқтумангаз” филиали ходимлари эса уларга хизмат қилишни шараф деб билишади.

© namangan24.uz

--> -->