Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 17 октябрдаги “Поп – Наманган – Андижон темир йўл линиясини электрлаштириш” лойиҳасини Осиё тараққиёт банки иштирокида амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида умумий узунлиги 145 километрлик темир йўл тармоғини электрлаштириш борасида ишлар амалга оширилмоқда.

“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти томонидан амалга оширилаётган ушбу лойиҳанинг дастлабки босқичи сифатида Поп – Наманган участкаси – умумий масофанинг 45 километри тўлиқ электрлаштирилиб, фойдаланишга топширилишида мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини юксалтириш борасидаги саъй-ҳаракатлар самараси ўз ифодасини топди.

Лойиҳага киришилгандан буён ўтган қисқа вақт ичида “1-сон энергомонтаж поезди” унитар корхонаси, Махсус механизациялаштирилган йўл станцияси меҳнат жамоаси томонидан 690 та таянч устуни ва шунча миқдорда консоллар ўрнатилди. Поп, Чуст, Тўрақўрғон, Ровустон, Наманган темир йўл станциялари оралиғидаги 45 километр масофага контакт симлар тортилди.

Поп – Наманган электрлаштирилган темир йўлидан келган илк электровозни Наманган темир йўл вокзалида вилоят ва Наманган шаҳар ҳокимлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, фахрийлар тантанали, байрамона кайфиятда кутиб олди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда сўзга чиққанлар томонидан мазкур транспорт-коммуникация тармоғи, муҳандислик иншоотининг иқтисодий, ижтимоий аҳамияти эътироф этилди.

– Эндиликда темир йўл тармоғининг мазкур участкасида тепловозлар замонавий электровозларга алмаштирилади, – деди “Ўзбекистон темир йўллари” акционерлик жамияти бошқаруви раисининг ўринбосари Акмал Камолов. – Бу эса юк ва йўловчи ташиш харажатларини сезиларли камайтириш, ҳаракат тезлигини эса ошириш имкониятларини кенгайтиради. Таҳлилларга кўра, тепловозда ташиш ёқилғи сарфи билан таққослаганда электрлаштирилгандан кейин харажат уч баробарга қисқаради. Бундан ташқари экологик барқарорликни таъминлашга хизмат қилади.

Тадбир иштирокчилари Наманган темир йўл вокзалини реконструкция қилиш, сайёҳлар, йўловчи ва соҳа хизматчилари учун қулай шарт-шароитлар яратиш борасида олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишди.

“Боштранслойиҳа” акционерлик жамияти муҳандислари томонидан ишлаб чиқилган “Поп – Наманган – Андижон” темир йўл линиясини электрлаштириш” лойиҳасининг умумий қиймати 202 миллион 300 минг доллар бўлиб, 80 миллион доллари Осиё тараққиёт банки томонидан молиялаштирилади. Лойиҳага кўра электрлаштирилаётган тармоқда 2 та янги сим тортиш станцияси қурилиши кўзда тутилган. Ҳозиргача ушбу ҳудудда 3 минг 728 котлован қазилиб, 3 минг 326 та таянч устуни ўрнатилди. 576 минг метр кубдан зиёд тупроқ ишлари бажарилди ва 25 та сунъий иншоот қурилди.

Поп-Наманган электрлаштирилган темир йўл тармоғининг ишга туширилиши наманганликлар учун давлатимиз мустақиллигининг 28 йиллик байрамига муносиб туҳфа бўлди.

Электрлаштирилган темир йўлнинг фойдаланишга топшириш маросимида Наманган вилояти ҳокими, сенатор Хайрулло Бозоров сўзга чиқди.

Акрамжон Сатторов,

журналист.

Namangan24.uz фотомухбири Ҳамдамжон Мамадалиев олган сурат.

--> -->