Президентимиз ташаббуси билан ҳудудларда кенг кўламли қурилиш ва ободонлаштириш ишларини  амалга ошириш мақсадида “Обод марказ” дастури ишлаб чиқилди. Мазкур дастур асосида Норин  туманида қурилиб фойдаланишга топширилган Давлат хизматлари маркази ўз фаолиятини бошлади.

Бу ҳақида “Namangan24.uz” сайтига Давлат хизматлари агентлиги Наманган вилояти бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.

Норин туманига яқин орада ташриф буюрмаган одамнинг ишонгиси келмайди. Ҳайрати ичига сиғмайди. Янги қад ростлаган бинолар, кўркам иншоотларни кўриб одамнинг кўзи қувнаши ҳайратдан ёқа ушлаши ҳеч гап эмас. Норин том маънода бунёдкорлик, қурулиш майдонига айланди. Янги иншоотда аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари учун барча  қулайликлар мавжуд бўлиб, инвесторлар учун хизмат кўрсатиш хонаси, кутиш зали, болалар майдончаси, кафе, кутубхона белгиланган иш вақтида аҳоли химатига шай.

Туман марказида қад кўтарган муҳташам бинонинг очилиши  норинлик кексаю-ёшнинг хурсандчилигига сабаб бўлди. Аввал пана-пастқам биноларда аҳолига хизмат кўрсатилар бу аҳоли учун ҳам марказ ишчи-ходимлари учун ҳам турли ноқулайликлар туғдирар эди. Бугун эса томомила ўзгача, туман қиёфасига кўркамлик бахш этаётган давлат хизматлари маркази аҳолига 80 турдан зиёд хизматларни кўрсатади.

Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак! Бу тамойил бугун ўз исботини топиб, давлат хизматлари марказлари томонидан аҳолига сифатли, шаффоф хизмат кўрсатилмоқда. Норин туманида фойдаланишга топширилган давлат хизматлари маркази биноси ҳам том маънода халқ билан давлат ўртасидаги ўзаро муносабатларни юксалишида амалий  ифода топмоқда. Бино қурилиши учун 2 миллиард 275 миллион сўм маблағ ажратилди. Қисқа муддат ичида кўркам ва салобатли бино қад кўтарди. Эндиликда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари янги замонавий бинода  кўриб чиқилади.

- Олдинлари йўлларимиз тор, бинолар эса жуда кўримсиз бир аҳволда эди. Бундай ободончилик ва кенг кўламли қурулиш ишларини тўғриси орзу қилар эдик. Президентимиз ташаббуси билан бугун орзуларимиз ушалди. Кўплаб бино ва иншоотлар қатори, қуриб фойдаланишга топширилган туман давлат хизматлари марказида барча қулайликлар мавжуд. Узоғимиз яқин бўлганидан бутун норинликлар мамнун. Бундай ишларни амалга оширишда ташаббус кўрсатганларга минг раҳмат, дейди меҳнат фахрийси Неъматжон Эгамбердиев.

Қайд этиш даркор, Давлат хизматлари марказида аввалари туман ер-мулк кодастр биносида аҳолига хизмат кўрсатиб келар эди. Шароитлар етарли даражада эмаслиги боис, фуқароларни қабул қилиш, мурожаатларини тез ва сифатли амалга оширишда қийинчиликларга дуч келарди. Эндиликда бундай мушкулотларнинг барчасига барҳам берилди. Замонавий дизайн асосида қурилган бинолар туман аҳолиси учун мустақиллик байрами олдидан жуда катта туҳфа бўлди.

© namangan24.uz

--> -->