“Нуроний” жамғармаси Наманган вилояти кенгаши томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 февралдаги “Ички туризмни жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида тасдиқланган “Ўзбекистон бўйлаб сайёҳат қил” дастури ижроси доирасида бир қатор хайрли тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.

Шу йилнинг ўтган даври мобайнида вилоятдаги 3571 нафар меҳнат фахрийлари юртимизнинг тарихий шаҳарлари бўйлаб сайёҳатга бориб қайтишди. Хусусан жамғарма саъй-ҳаракати натижасида яқинда 51 нафар нуроний уюшган ҳолда Самарқандда бўлиб қайтишди.

 

Шу йилнинг 9 апрель куни Наманган шаҳрида истиқомат қилаётган бир гуруҳ кексалар – 73 ёшли Абдуғани Тошпўлатов, Олимжон Ҳошимов, 65 ёшли Хусниддин Жалилов ва 64 ёшли Шокиржон Қаҳҳоровлар “Наманган–Самарқанд-Бухоро-Наманган” йўналиши бўйлаб велосипедда эрта соат 06:00да гуллар шаҳридан сайёҳатга отланган эдилар.  

Соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилишни ўз олдига мақсад қилган азамат фахрийларимизни куни кеча Бухорои шарифга етиб келишди. Уларни кўҳна шаҳарда "Адолат” социал-демократик партияси фаоллари ҳамда жамғарма вилоят бўлими вакиллари тавозе билан кутиб олишди.

Таъкидлаш жоиз, бундай хайрли ташаббус фуқаролар орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, аҳоли саломатлигини янада мустаҳкамлаш, жисмоний фаоллик даражасини оширишга хизмат қилади.

Нуронийларимизнинг велосайёҳати давом этмоқда.

Абдурашид Болтабоев,

“Нуроний” жамғармаси Наманган вилояти бўлими раиси ўринбосари.

© namangan24.uz

Суратлар "Нуроний" жамғармаси Наманган вилояти бўлими ва "Адолат" социал-демократик партияси Марказий Кенгаши томонидан тақдим этилди.

--> -->