Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги Наманган вилояти бошқармаси бошлиғининг буйруғига кўра, Нодирбек Нурматжонович Исомиддинов Наманган шаҳар давлат хизматлари маркази директори этиб тайинланди.

Маълумот ўрнида, Нодирбек Исомиддинов 1983 йил 14 ноябрь куни Уйчи туманида туғилган. Маълумоти олий, 2006 йили Наманган муҳандислик-педагогика институти, 2019 йили Наманган муҳандислик-технология институтини тамомлаган. Мутахассислиги – муҳандис-педагог, иқтисодчи.

У меҳнат фаолиятини 2007 йилда Уйчи туман ҳокимлиги мутахассислигидан бошлаган. 2007 йилдан 2019 йилга қадар Уйчи тумани ҳокимлиги; туман ҳокимлиги ҳузуридаги тадбиркорлик субъекларини рўйхатдан ўтказиш инспекцияси; ижтимоий кўмаклар ҳосил қилиш маркази; ягона дарча маркази; туман иқтисодиёт ва ҳудудларни комплекс ривожлантириш бўлими; Наманган шаҳар давлат хизматлари маркази, Уйчи тумани давлат хизматлари марказида турли вазифаларда ишлаб келган.

2019 йил июль ойидан шу кунга қадар Уйчи туман давлат хизматлари маркази директори лавозимида фаолият юритиб келаётган эди.

Эслатиб ўтамиз, Наманган шаҳар давлат хизматлари марказининг аввалги собиқ директори Акрам Равшанович Акрамов Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг 2019 йил 25 октябрдаги қарори билан фуқаролик ишлари бўйича Наманган вилояти Учқўрғон тумани туманлараро судининг судьяси лавозимига тайинланганди.

“Namangan24.uz” сайти жамоаси Наманган шаҳар давлат хизматлари маркази директори этиб тайинланган Нодирбек Нурматжонович Исомиддиновга янги масъулиятли вазифада мустаҳкам саломатлик, куч-ғайрат, шижоат ва улкан зафарлар тилайди.

Оқилхон Дадабоев,

©namangan24.uz

--> -->