Дунё халқлари ҳамжиҳатликда нишонлайдиган халқаро саналар кўп. Шулардан бири 1 июнь  – Халқаро болаларни ҳимоя қиши кунидир. Бу сана, айниқса, болажон халқимизнинг миллий қадриятларига уйғунлиги билан аҳамиятли ва бу болажонлик фазилати давлатимиз ижтимоий сиёсатида ҳам устувор. Бу ватанимиз келажагига даҳлдор масала сифатида ёш авлод таълим-тарбиясига қаратилаётган катта эътибор ва унинг самарасида ўз ифодасини топаяпти. Мактабгача таълим вазирлиги, вилоятларда мазкур вазирлик тизими ташкил этилгани бу борадаги эътиборга молик қадамлардан бўлди.

Ниҳолларни экиб қуйиб, уни парвариш қилмасангиз, боғ эмас, тўқайзор яратасиз. Уйнинг пойдеворини эгри қўйсангиз, қураётган уйингиз девори ҳам томгача эгри бўлиб чиқади. Уни бузиб ташлаб, бошқатдан қуришдан ўзга чора йўқ. Худди шу каби жамият “қадди-басти-ю, соғломлиги”, баркамол шахс тарбияси ҳам гўдакликдан бериладиган таълим ва тарбияга боғлиқ. Бугун мамлакатимиз таълим-тарбия тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар, айниқса болаларни уч ёшдан эътиборан таълим-тарбия тизимига юз фоиз қамраб олиш йўлидаги саъй-ҳаракатлар замирида ана шу оддий ҳақиқат мужассам. Мустақил тизим сифатида ташкил этилган мактабгача таълим тизими ёш авлод тарбияси натижадорлигини оширишда муҳим роль ўйнайди. Зеро, бу – соҳага алоҳида эътибор, деганидир.

Бугун Наманган вилоятидаги давлат (563 та), нодавлат, давлат-хусусий шерикчилик ҳамда оилавий (681 та)  мақомдаги жами  1 минг 244 та мактабгача таълим ташкилотида 129 минг нафардан зиёд ўғил-қизга таълим-тарбия берилмоқда. Бу мактабгача таълимга қамраб олиниши керак бўлган кўрсаткичнинг 56,7 фоизини ташкил этади.

Ҳозирда асоий эътиборимиз Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг 2020 йил 9 мартдаги “Болаларни бошланғич таълимга мажбурий бир йиллик тайёрлаш тизимини янада ривожлантириш  чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан болаларни  мажбурий мактабгача  таълим билан қамраб олиш бўйича олдимизга қўйилган вазифаларга қаратилган.

Вилоятимиздаги  775 та маҳаллада 6 ёшли мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олинмаган болаларнинг рўйхати шакллантирилди. Бунда 2020 йил бошига вилоятдаги 50 минг нафар 6 ёшли болалардан  39 минг 601 нафари мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олинган бўлса, 10 минг 402 нафар бола мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олинмагани қайд этилди. Айни пайтда уларни тенгдошлари сафига қўшиш  режалари устида, яъни қисқа муддатли, тўлиқ кунли,  мажбурий қисқа муддатли,  мажбурий қисқа муддатли, мажбурий бир йиллик каби ва бундан ташқари ўрта таълим мактаблари ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинлари қошида яна 200 дан кўпроқ гуруҳ ташкил қилиш режалари устида иш олиб борилмоқда.

2019-2020 ўқув йили якуни бўйича “Илк қадам” Давлат ўқув дастури ва “Илк ва мактабгача ёшдаги болаларни ривожланишига қўйиладиган давлат талабларини бажарилиши бўйича мактабгача таълим ташкилотларининг якуний ҳисоботлари таҳлил қилинмоқда. “Онлайн болалар боғчаси” лойиҳаси доирасида “Болажон” телеканали орқали намойиш этилаётган “Ақлвой” ва “Илк қадам” мактабгача таълим машғулотларини мактабгача ёшдаги болаларнинг ота-оналари билан биргаликда кўриб боришлари мониторинги юритилмоқда. Айни пайтда 228 минг  нафардан зиёд тарбияланувчи билан онлайн машғулотлар орқали шуғуланилмоқда.

Давлат мактабгача таълим ташкилотлари мудирлари, методист тарбиячи, мусиқа раҳбари, жисмоний тарбия йўриқчиси ва психологлари билан бирга ташкил этилган “НВМТБ онлайн семинарлар” гурухида педагоглар ва ота-оналарга методик тавсиялар, видеороликлар ва тестлар  бериб келинмоқда, мактабгача таълим сохасига оид норматив хуқуқий ҳужжатлар бўйича онлайн ўқув семинарлари ташкил қилинмоқда.

Муxтасар айтганда, коронавирус пандемияси билан боғлиқ карантин шарт-шароитлари янги тизим фаолиятини издан чиқариб юбормаслик, болажонлар таълим тарбиясида узилиш, бўшлиқларга, йўл қўймаслик мақсадида барча имкониятлар сафарбар қилинмоқда.

Ҳилола Юсупова,

Наманган вилояти мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи.

© namangan24.uz

--> -->