Бугун – 2020 йил 14 сентябрь куни Наманган вилоятидаги 15 та умумтаълим мактабида анъанавий тарздаги дарслар бошланди. Жумладан, Наманган шаҳридаги 9 та, Норин туманида 4 та,  Косонсой ва Уйчи туманларида биттадан мактаблар ўқувчиларни қабул қилиб олди.



Наманган шаҳридаги 86-умумтаълим мактаби ва Косонсой туманидаги 54-умумтаълим мактабида дарсларнинг бошланиши қўшалоқ байрамга айланиб кетди. Боиси, бу икки таълим маскани ҳам янгидан қуриб битказилди. 420 ўринли ҳар икки мактаб қурилишига мос равишда 8,5 ва 8,2 миллиард сўм маблағ сарфланди.

Хусусан, Наманган шаҳридаги 2 қават, 420 ўриндан иборат маърифат маскани 23 та синф хонаси, 120 ўринли мажлислар зали, 100 ўринли замонавий ошхона, 60x30  ўлчамдаги  очиқ стадион, 12x24 ўлчамдаги ёпиқ спорт залини ўз ичига олган бўлиб, ахборот технологиялари хонаси, тўгарак хоналари, кимё, биология, физика лаборатория хоналари, хорижий тилларни ўқитишга мўлжалланган ўқув хоналари, ўғил ва қиз болалар учун технология хоналари, мусиқа хонаси, кутубхоналарнинг бари ўқувчилар ихтиёрида.





Косонсой туманининг “Жар” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган янги мактабда ўқувчилар учун қулай ва замонавий шарт-шароитлар яратилган. 100 ўринли фаоллар зали, 80 ўринли ошхона, 22 та синф хонаси, ахборот ва технология, кимё, физика фан кабинетларининг тараққиёт асри талаблари даражасида жиҳозлангани ҳам шундан далолат беради.

Наманган вилояти халқ таълими бошқармасидан хабар беришларича, бугун вилоятимизда очилган мактабларга илк бор қадам қўйган 1400 нафарга яқин 1-синф ўқувчисига “Президент совғалари” топширилди.

© namangan24.uz

--> -->