Бир неча кун аввал Фейсбук ижтимоий тармоғида Наманган давлат университетининг фарғоналик талабаси Мирзоозод Мирзанеъматов ўз саҳифасида жойлаган “пости” орқали талабалик сафидан чиқишини эълон қилган эди.

Яъни, "пост" орқали ҳокисор талаба иқтисодий қийинчиликлари сабабли университет ректори номига ариза ёзиб, ўқишни давом эттира олмаслигини расман маълум қилганди.

Кескин баҳс-мунозараларга сабаб бўлган, таъсирчан шеърлари билан ижтимоий тармоқ орқали шуҳрат қозонган талабанинг ушбу хабари кўпчилик қатори Наманган вилояти ҳокими, сенатор Хайрулло Бозоровни ҳам бефарқ қолдирмади. Ҳоким мазкур ҳолат юзасидан эртасигаёқ Мирзоозод билан кўришди, дея хабар берди “Namangan24.uz” сайтига Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Наманган вилояти кенгаши матбуот хизмати.

Вилоят ҳокими бугун - 7 октябрь, душанба куни умумий қиймати 11 миллион сўм миқдоридаги бир йиллик контракт суммасини тўлаб берди.

- Айтишим жоизки, айни вазиятда бу шу кунгача бўлган туғилган кунимдаги энг ажойиб совға бўлди, дейди қувонч билан Мирзоозод Мирзанеъматов.

Маълумот ўрнида, Мирзоозод Мирзанеъматов 1994 йилда Фарғона вилоятининг Риштон туманида туғилган. Қассоблар оиласида вояге етган. У олий таълим муассасасига олтинчи йили уринишидан кейингина талабалик бахтига муяссар бўлган. Оддий ишчи оиланинг фарзанди бўлган Мирзоозод НамДУдаги иккинчи босқич талабалик йили бошланишида контракт тўлашдаги машаққатларга юз тутганлиги сабабли ўқишни ташлаш фикри билан “пост” жойлашга мажбур бўлганлигини “Namangan24.uz” мухбирига маълум қилди.

Дунёда меҳру оқибат, одамийлик, яхшилик, саҳоватпешалик каби инсоний фазилатлари ҳали ҳам бор эканлигини Хайрулло Бозоров амалда исботлаб, ҳокисор талабанинг бир йиллик контракт пулини ўз ҳисобидан тўлаб берди.

©namangan24.uz

--> -->