Наманган вилоятидаги нуфузли олий таълим даргоҳларидан бирида раҳбар-кадр ўзгариши амалга оширилди.

Ойбек Каримович Эргашев Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг 2020 йил 8 январдаги буйруғи билан Наманган муҳандислик-технология институтининг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори этиб тайинланди. У мазкур лавозимда аввал фаолият юритган, ҳозирда институтнинг кимё-технология факультетига декан бўлган Авазбек Азаматович Обидовнинг ўрнида иш бошлади.

Бу ҳақида “Namangan24.uz” сайтига Наманган муҳандислик-технология институти ахборот хизмати хабар берди.

Маълумот ўрнида, Ойбек Каримович Эргашев 1982 йил 7 январь куни Наманган туманида таваллуд топган. Маълумоти олий, 2003 йили Наманган муҳандислик-педагогика институтининг бакалавриат, 2006 йили магистратура йўналишини тамомлаган. Мутахассислиги муҳандис-технолог-педагог.

Ойбек Эргашев меҳнат фаолиятини 2003 йилда Наманган муҳандислик-педагогика институтида кимёвий технология кафедраси лаборатория мудири сифатида бошлаган. У меҳнат фаолияти давомида Наманган муҳандислик-педагогика институти, Ўзбекистон Фанлар акедемияси умумий ва ноорганик кимё институти, Наманган муҳандислик-технология институтида турли масъул вазифаларда самарали иш олиб борган. Институтнинг кимё-технология факультети декани, ўқув ишлари бўйича проректор лавозимларида ҳам фаолият юритган. 2018 йил 26 октябрдан эътиборан институт кимё-технология факультетига бошчилик қилиб келаётган эди.

“Namangan24.uz” сайти жамоаси Наманган муҳандислик-технология институтининг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори этиб тайинланган Ойбек Каримович Эргашевга янги масъулиятли вазифада мустаҳкам саломатлик, куч-ғайрат, шижоат ва улкан зафарлар тилайди.

© namangan24.uz

--> -->