Наманган шаҳридаги “Ойдин плаза” меҳмонхонасида шаҳар ҳокими Шавкат Абдураззоқовнинг ёшлар билан учрашуви бўлиб ўтди. Учрашувга шаҳардаги ўқув курсларида инглиз тили бўйича сабоқ олаётган, IELTS имтиҳонларига тайёрланаётган ва бу синовлардан муваффақиятли ўтган ёшлар ҳамда уларнинг устозлари таклиф қилинди.

Бу ҳақида “Namangan24.uz” сайтига Наманган шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Ёшлар билан мулоқот бундай форматдаги учрашувлар учун илк бор тўлалигича инглиз тилида кечди. Ҳоким учрашувга келган ёшларни  қутлаб, уларни шаҳарда рўй бераётган ўзгариш ва янгиликлардан хабардор қилди. Ўқишларида муваффақият тилаб, дунё тилига айланган инглиз тилини эгаллаш борасидаги интилишларига юксак баҳо берди. Бундай учрашувлар доимий тус олгани, келгусида бошқа йўналишларни эгаллаган истеъдод эгалари билан мулоқотлар ҳам ўтказилишини таъкидлади.

Шундан сўнг сўз олган “Наманган сквейр” лойиҳаси менежери жаноб Роҳан шаҳарда компания томонидан амалга оширилаётган қурилиш ишлари ҳақида маълумот берди. Ёшларни билимларини янада такомиллаштириб, хорижнинг нуфузли олий ўқув юртларида ҳам таҳсил олишга  чорлади. Келгусида ушбу компаниянинг етакчи ходимлари сафини тўлдиришга тилак билдирди.

Учрашувда фахрий меҳмон сифатида иштирок этган Наманган шаҳри фарзанди, Жанубий Кореядаги Йоннам университети профессори Алишер Дадахонов бугунги кунда ёшлар учун яратилган шароитлар авваллари фақат орзу бўлганини таъкидлади. Ушбу имкониятлардан тўлақонли фойдаланиш лозимлиги, янгиланаётган Ўзбекистон учун юксак иқтидорли ва салоҳиятли ёшлар жуда керак эканлигини билдирди.

Учрашувда IELTS имтиҳонларига тайёрланаётган 20 нафар ёшнинг ҳар бирига 500 минг сўмдан пул мукофотлари топширилди. Синовлардан юқори баллар билан ўтган 5 нафар йигит-қизга эса компьютер жамланмаси совға қилинди. Шунингдек, ҳар бир иштирокчига инглиз тили луғати тақдим қилинди.

Ёшлар билан мулоқот бир пиёла чой устидаги самимий суҳбат ва санъаткорларнинг чиқишлари билан давом этди. Якунда эса ёшлар шаҳар ҳокими билан эсдалик учун умумий фотога тушди.

© namangan24.uz

--> -->