Чет эл давлатларидаги олий таълим муассасаларида таҳсил олган ҳамюртларимизнинг дипломи эндиликда Ўзбекистонда тан олинмоқда. Мазкур жараёнлар давлат хизматлари маркази орқали амалга оширилмоқда.

Бу ҳақида “Namangan24.uz” сайтига Давлат хизматлари агентлиги Наманган вилояти бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясига хорижий мамлакатларда берилган таълим тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификациялаш тўғрисидаги аризаларни эндиликда Давлат хизматлари марказларига (ДХМ) шахсан келган ҳолда ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали мустақил равишда, яъни, электрон кўринишда юбориш имконияти юзага келди.

Мазкур давлат хизмати ДХМ ёки ЯИДХП орқали Ҳукумат ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидин кўрсатилади. Давлат хизматлари марказлари ва давлат инспекцияси ўртасида ўзаро ахборот алмашинуви электрон рақамли имзони мажбурий тартибда қўллаш орқали идоралараро электрон ҳамкорлик ёрдамида амалга оширилади.

Насиба Хабибуллаева ва Хуршида Икромова бундан 10 йил аввал “Қирғиз-Ўзбек” университетини тамомлаган эдилар. Не орзу мақсадлар билан ўқишни битирганлик ҳақидаги ҳужжатларни қўлга олган икки битирувчининг дипломлари Ўзбекистонда тан олиниши жуда ҳам қийин кечди. Ортда қолган 10 йил давомида бормаган жойлари-ю, тақиллатмаган эшиклари қолмади. Қилинган меҳнат самара бермаганидан сўнг, ҳатто ўз касбидан ҳам бироз кўнгиллари совиди. Шундай тушкун кайфиятда юрган кезлари янграган хушхабар уларни яна бир бор уриниб кўришга ундади. Икки дугона Тўрақўрғон тумани давлат хизматлари марказига йўл олдилар. Марказга келиб, қандай ҳужжатлар кераклиги ҳақида маълумотни олишганидан сўнг, қисқа муддат ичида уларнинг орзулари амалга ошди.

- Ҳаммаси биз ўйлагандан-да оддий экан. Марказга келдик, айтилган ҳужжатларни топширдик, шу куни имтиҳонга борасизлар дейишди, бордик ва қисқа вақт ичида тан олинганлик ҳақидаги ҳужжат қўлимизда бўлди. Биз бундан мамнунмиз. Давлат хизмарлари маркази ходимларига минатдорчилик билдирамиз, - дейди 7-сонли умумтаълим мактабининг бошланғич таълим ўқитувчиси Насиба Ҳабибуллаева.

Маълумот ўрнида, ҳозирга қадар давлат хизматлар агентлиги Наманган вилояти бошқармаси туман (шаҳар) марказларига хорижий давлатларда таьлим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификациялаш бўйича гувоҳнома олиш учун 550 нафар фуқародан ариза келиб тушган бўлиб, шундан 220 нафарининг дипломлари тан олинди.

© namangan24.uz

--> -->