Шу кунларда кўпчилик ота-оналарни “Боғчалар қачон ишга тушади?”, деган савол қизиқтирмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги томонидан бу саволга ойдинлик киритиб, ота-оналар ва мактабгача таълим ташкилотлари (МТТ) раҳбарлари эътиборига қуйидагилар маълум қилинди:

“Мактабгача таълим вазирлиги сизга шуни маълум қиладики, Республика махсус комиссиясининг жорий йил 8 майдаги алоҳида ҳудудларда карантин чораларини юмшатиш ҳақидаги қарорига қарамай, хавфсизликни таъминлаш мақсадида таълим муассасалари ва ўқув курслари, шу жумладан, давлат, хусусий, оилавий, давлат-хусусий шериклик асосидаги мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятига чеклов ўз кучида қолади.

Ушбу чеклов чораларини узайтиришдан мақсад, болалар хавфсизлигини таъминлаш ва уларнинг саломатлигини коронавирус инфекциясини юқтириб олиш хавфидан ҳимоя қилишдир.

Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида карантин чораларига риоя этмаслик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланганлигини эслатиб ўтамиз.

Карантин чораларини юмшатиш босқичма-босқич амалга оширилади ва болалар томонидан коронавирус инфекциясини юқтириб олиш хавфи тўла бартараф этилган заҳоти, МТТлар фаолияти тикланади.

Мамлакатимизда болалар саломатлиги учун хавфсиз эпидемиологик вазият барқарорлашгач, Мактабгача таълим вазирлиги МТТлар фаолияти тикланиши ҳақида қўшимча маълум қилади”.

© namangan24.uz

--> -->